Жорий йилнинг январь ойида июлигача Ўзбекистонда газ қазиб олиш ҳажми 1 миллиард 316 миллион куб метрга (4,8 фоизга) қисқарган. Статистика агентлиги томонидан куни кеча эълон қилинган ҳисоботга мувофиқ, ўтган етти ой ичида республикада қазиб олинган газ ҳажми 26 миллиард 151 миллион 400 минг куб метрга тенг бўлган, ваҳоланки ўтган йилнинг шу даврида 27 миллиард 467 миллион 800 минг куб метр газ қазиб олинган эди.
Агентлик ҳисоботига эътибор қаратган Kun.uz нашри мамлакатда газ ишлаб чиқариш ойлар параллелида ҳам камайиб борганини кўрсатиб ўтган.
Нашр 2022 йилда ҳам газ қазиб олиш 53,8 миллиард куб метрдан 51,67 миллиард куб метргача ёки 4 фоизга, 2023 йилда эса 51,67 миллиард куб метрдан 46,71 миллиард куб метргача ёки 9,6 фоизга қисқарганини эслатган.
Kun.uz газ қазиб олишнинг қисқариб бориши манзарасида мамлакатга импорт қилинаётган газ ҳажми ортиб бораётгани, хусусан, январь-июнь ойларида 984 миллион долларлик газ сотиб олингани, бу эса 2023 йилнинг шу даврида импорт қилинган газ учун тўланган пулдан 5 баравар кўплигини қайд этган.
“Ўз навбатида умумий давр учун газ экспорти 5,6 фоизга ёки 323 млн долларгача қисқарган. Аммо охирги ойларда газ сотиш ҳажми ошиб боряпти. Хусусан, биргина июнь-июль ойида 263 млн долларлик газ экспорт қилинган”, дейилган нашр хабарида.
Озодликнинг шу йил апрель ойида ёйинланган “Куëв ҳалқаси”: Газдан пул қилишнинг коррупцион схемаси суриштирувида ҳозирга келиб 1 триллион куб метрдан кўпроқ газ заҳираларига эга Ўзбекистон Россиядан йилига 2,8 миллиард куб метр газ сотиб олаëтган, Кремлнинг сиёсий қуроли - “Газпром”га қарам давлатга айлангани ҳақида сўз борганди.
Мазкур журналистик суриштирувда газ импорти деган иддао билан Ўзбекистонда солиқ тўловчи ҳисобидан олинган юзлаб миллион доллар қандай схемалар орқали кимларнинг чўнтагига кетаëтганини фош қилинганди.