Jurabek Laboratories фармацевтика ширкати Россияда ишлаб чиқилган “Спутник V” вакцинасини қуйиш ишларини бошлаб юборган. Бу ҳақда ширкатнинг маркетинг ва сотиш бўлими бошлиғи Азиз Соипов Газета.uz нашрига маълум қилган.
“Вакцинани қуйиш аллақачон бошланган. Биз ҳар бир серияни текширувдан ўтказиш учун Россияга юборамиз. Таҳлиллар тахминан уч ҳафта давом этади. Россияда ва [маҳаллий] давлат маркази лабораториясида параллель назорат мавжуд. Жавоблар чиқиши билан биз [вакцинани Соғлиқни сақлаш вазирлигига] жўнатишимиз мумкин бўлади”, деган А. Соипов.
Унинг айтишича, Ўзбекистонда қуйилган препарат шу йилнинг октябрь ойида ички бозорга чиқади.
Завод қуввати ойига 2 миллион доза “Спутник V” вакцинасини ишлаб чиқаришга имкон бериши айтилмоқда.
Ўзбекистон ҳукумати ўтган ой коронавирусга қарши Хитойнинг ZF-UZ-VAC2001 ва Россиянинг Спутник V вакциналарини мамлакатда ишлаб чиқаришга рухсат берувчи қарор қабул қилгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган. Қарорда ҳар иккала вакцина Jurabek Laboratories корхонасида ишлаб чиқарилиши белгиланган.
Ўзбекистонда аҳолини коронавирусга қарши эмлаш тадбирлари жорий йилнинг 1 апрелидан бошланган. Шу кунда ўзбекистонликлар Россиянинг “Спутник V” ва Хитойдан келтирилган ZF-UZ-VAC 2001 вакциналаридан ташқари AstraZeneca, Moderna ва Pfizer/BioNTech вакциналари билан ҳам эмланмоқда.