Ўзбекистонда бу йилги Рамазон ойи 23 мартдан бошланади. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ахбороти эътиборга олинган ҳолда президент Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланиб, 21 март куни ёйинланган қарорда айтилган.
Ҳужжатда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари зиммасига Дин ишлари бўйича қўмита ва ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда Рамазон ойини миллий анъана ҳамда қадриятларга мос ва муносиб тарзда ўтказишга доир чора-тадбирларни амалга ошириш вазифаси юклатилган.
Шунингдек, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Рамазон ойини ўтказиш билан боғлиқ тадбирларни кенг ёритиш тавсия этилган.