Ўзбекистонда Россиянинг яна икки университети филиали очилади

Тошкент кўчаларидан бирида осилган Ўзбекистон ва Россия байроқлари (архив сурати)

Ўзбекистонда яқин келажакда Россиянинг Косигин номидаги дизайн ва технология университети ҳамда Москва давлат геодезия ва картография университети филиаллари очилиши кутилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг 27 октябрь куни Москва шаҳрида бўлиб ўтган 22-йиғилишида билдирилган.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати маълумотига кўра, йиғилиш Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари С. Умурзоқов ҳамда Россия Федерацияси иқтисодий ривожланиш вазири М. Решетников ҳамраислигида ўтказилган.

“Кун тартиби доирасида иккала мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий, инвестициявий, саноат, транспорт ва логистика, маданий-гуманитар ҳамкорлиги каби кенг кўламли масалалар кўриб чиқилди”, дейилган вазирлик хабарномасида.

Йиғилишда ҳозирги вақтда Ўзбекистонда Россия университетларининг 15 та филиали фаолият кўрсатаётгани қайд этилиб, юқори малакали кадрлар тайёрлаш, илмий-тадқиқот ва тараққиёт соҳасидаги ҳамкорлик қилиш ҳамда Таълим форуми, Медиа-форум, Россияда Ўзбекистон маданияти кунлари ва бошқа қатор қўшма тадбирларни ўтказиш масалалари кўриб чиқилган.