Ўзбекистонда синалган Хитой вакцинаси “британча” ва “бразилча” штаммга қарши ҳам самарали экани иддао қилинди

Хитойнинг Ўзбекистон билан ҳаммуаллифликда ишлаб чиқарган ZF-UZ-VAС2001 вакцинаси, 2021 йил феврал ойида ўтказилган синовлар доирасида лаборатория намуналари натижаларига кўра, коронавируснинг "жанубий африка" штаммига қарши актив нейтрал ҳолатини сақлаб қолган. Бу ҳақда Vaksina.uz Телеграм канали маълумот тарқатди.

Иддаога кўра, мазкур вакцина коронавируснинг янги "Британия" ва "Бразилия" штаммларига қарши самарали экани ҳам тасдиқланган.

Вакцина синовининг учинчи босқичи Ўзбекистонда ўтган йилнинг 10 декабридан бошланган эди. Учинчи босқич натижалари, қайд этилишича, вакцинанинг юқори самарадорлиги ва юқори даражадаги антитаналар ишлаб чиқилишини кўрсатган.

Аввалроқ Озодлик Хитой касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш марказининг директори Гао Фу мамлакатда коронавирусга қарши ишлаб чиқарилган вакциналар самарадорлиги пастлигини тан олгани, ҳукумат уларни такомиллаштириш учун турли вакциналар имкониятларини уйғунлаштириш масаласини кўриб чиқаётганини билдиргани ҳақида хабар қилганди.

Гао маҳаллий вакциналар самарадорлиги ҳақида Чэнду шаҳрида бўлиб ўтган анжуманда, иммунизация стратегиялари хусусидаги чиқишида гапирган.

“Ҳозирги вакциналар беморларни тўлақонли ҳимоя қилмаётганидан хабардормиз. Ушбу масалани ҳал этиш учун эмлаш жараёнида турли хил техник линиялардаги вакциналардан фойдаланиш имконияти кўриб чиқилмоқда”, деган Хитой касалликларни назорат қилиш идораси раҳбари.

27 март куни Ўзбекистонга Хитойдан 1 миллион доза Хитой—Ўзбекистон ZF-UZ-VAC2001 вакцинаси олиб келинган.

Мазкур вакцина Хитой Фанлар академияси Микробиология институти олимлари томонидан яратилиб, Anhui Zhifei Longcom Biopharmaceutical Co.Ltd фармацевтика компанияси томонидан ишлаб чиқилган.

У ўзбекистонлик олимлар билан ҳамкорликда клиник тадқиқотлари олиб борилган коронавирусга қарши янги рекомбинант вакцинадир. Хитой Ўзбекистонни мазкур вакцина ҳаммуаллифи деб эълон қилган ва вакцинага ZF-UZ-VAC2001 деб ном берилган.