Ўзбекистонда Россиянинг “Вагнер” хусусий ҳарбий ширкати сафида ярим йил мобайнида Украинада жанг қилган Шавкат Йўлдошев судланди.
Маҳаллий нашрларнинг Оҳангарон туман суди ҳукми нусхасига таянган ҳолда хабар қилишларича, 26 ёшли Йўлдошев 2019 йил охирида пул топиш учун Россияга кетган. Дастлаб қурилишда ишлаб юрган ўзбекистонлик йигит кейинроқ Москва шаҳрида гиёҳванд модда савдосида гумонланиб қўлга олинган ва Обнинск шаҳар суди ҳукми билан 7 йилга озодликдан маҳрум этилган.
Қамоқхонада Шавкат Йўлдошев “Вагнер” ХҲШ вакилларининг жазодан халос бўлиш эвазига урушга ёлланиш таклифига рози бўлиб, Украинага жангга кетган. 2022 йил октябридан 2023 йил апрелигача Украинада жанг қилган Йўлдошев “Жасорати учун” (“За отвагу”) медали билан ҳам тақдирланган. Айни пайтда у қамоқдаги жазосининг ўталмаган қисмидан озод қилиниб, 950 минг рубль миқдорида пул мукофотини ҳам олган.
Қайд этилишича, Йўлдошев урушдан қайтгач, Россия фуқаролигини олишга уринган, бироқ бунга муваффақ бўлолмаган. Бунинг ортидан 2023 йил августида Ўзбекистонга қайтган йигит қўлга олиниб, судга тортилган.
Шавкат Йўлдошев Оҳангарон туман судининг жорий йил 30 майидаги ҳукми билан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 154-1-моддаси (Чет давлатларнинг ҳарбий хизматига, хавфсизлик, полиция, ҳарбий адлия органлари ёки шунга ўхшаш бошқа органларига хизматга кириш, ёлланиш) бўйича айбдор деб топилган ҳамда унга нисбатан 2 йилу 6 ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.
Украинада Россия қўшинлари сафида жанг қилаётганлар орасида нафақат Ўзбекистондан, балки Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларидан бўлган мигрантлар ҳам кам эмас. Одатда, улар Россияда судланиб, қамоқхоналарда жазо ўтаётган кишилардир, бироқ ёлланмалар орасида Россия фуқаролигини олиш ёки пул ишлаш мақсадида ўз ихтиёри билан урушга кетганларни ҳам учратиш мумкин.
Сўнгги пайтларда мигрантлар орасида Россия фуқаролиги олганлар ҳам урушга йўлланмоқда. Россия Тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастрикин июнь ойи охирида маҳаллий ҳуқуқ-тартиботчилар 30 мингдан зиёд мигрантни қўлга олишгани, улардан 10 минг нафари урушга йўлланганини билдирган эди.