Ўзбекистонда 58 ёшли журналист Салим Иномзода “жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи материаллар” тарқатганликка оид иш бўйича қўлга олинди. Бу ҳақда Озодлик радиосининг тожик хизмати уч манбадан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.
Салим Иномзода “Овози Тожик” газетасида ишлаган. Шунингдек, у Facebook тармоғида 15 мингга яқин обуначига эга “Ўзбекистон тожиклари” гуруҳини тузган. Гуруҳда Ўзбекистон тожиклари маданияти ва тожик-ўзбек маданий алоқаларига оид материаллар эълон қилиб келинган.
Иддаога кўра, Иномзода 2022 йил октябрь ойида ижтимоий тармоқлардаги ўз саҳифаларида тожикистонлик қўшиқчи Афзалшў Шодиевнинг “Самарқанд ва Бухоро”га оид “диний характерга ва айирмачилик унсурларига эга” қўшиғини кўчириб босган. Унда, хусусан, Самарқанднинг тожиклар ва форслар ватани экани айтилади.
Озодликнинг тожик хизмати қайдича, қўшиқ 2013 йилда – Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар таранг бўлган ва мамлакатлар ўртасида виза тартиби амал қилган пайтда ёзилган.
Нашр суҳбатдошларидан бири куч ишлатар тузилмалар ходимлари “Ўзбекистон тожиклари” гуруҳи маъмурларини ҳам сўроққа чақиришганини маълум қилган.