Ўзбекистонда бундан буён 1 миллион доллар миқдоридаги маблағни “Зиёрат жамғармаси”га захира сифатида қўймаган сайёҳлик фирмалари Умра сафарини ташкил этиш билан шуғулланиши мумкин эмас. Вазирлар Маҳкамаси жорий йил 12 октябрь куни қабул қилган “Умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ чора-тадбирларни янада такомиллаштириш тўғрисида”ги 668-сонли қарорда ана шу талаб кўзда тутилган.
Дин ишлари бўйича қўмита матбуот хизматининг маълум қилишича, турфирмалар Умра тадбирини ташкил этиш ҳуқуқини қўлга киритиш учун яна қуйидаги талаб ва шартларга жавоб бериши керак:
• зиёратчиларнинг гуруҳ раҳбари этиб Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан тузиладиган шартнома асосида диний билим ва кўникмаларга эга бўлган мутахассисни тайинлаш;
• турфирма штатида диний (исломий) таълим йўналишлари бўйича бир нафар мутахассиснинг мавжудлиги;
• вояга етмаган фуқароларга хизмат кўрсатмаслик;
• ўз фаолиятини туроператор ва турагентлар орқали амалга оширмаслик;
• зиёратчилар учун Саудия Арабистонининг фақат Умра визасини расмийлаштириш;
• Умра хизматини Саудия подшоҳлигидаги ҳамкор ташкилот ўртасида имзоланадиган шартномага мувофиқ амалга ошириш ва улар кўрсатадиган хизматлар учун тўловларни банк муассасалари орқали амалга ошириш;
• зиёратчиларга сифатли тиббий хизмат кўрсатиш;
• халқаро йўналишда йўловчи ташиш бўйича 2 йилдан кам бўлмаган тажрибага эга, бу даврда йўловчи ташишнинг халқаро ва миллий қонунчилик талабларини бузмаган авиакомпания билан ҳамкорлик қилиш;
• зиёратчиларни юборишдан олдин уларга бориш ва қайтиш авиачипталарини харид қилиш;
• зиёратчиларни тоифаси 3 юлдуздан кам бўлмаган меҳмонхоналарга жойлаштириш;
• Умра хизматини 3-давлатлар орқали кўрсатмаслик;
• хизматларни лицензияда кўрсатилган манзилдан бошқа жойдаги ваколатхона ёки филиал орқали кўрсатмаслик.
Диний қўмита Умра хизматини кўрсатиш бўйича лицензия соҳасидаги қонунбузарлик учун юридик шахсларга солинадиган жарима миқдори БҲМнинг 200 баравари (75 млн сўм) эканини эслатиб ўтган.
Ҳозирга қадар сайёҳлик фирмалари Туризм қўмитаси берган лицензия асосида Умра хизмати кўрсатиб келган.
2024 йил 2 июлида қабул қилинган қонунга мувофиқ, жорий йил 5 октябридан Дин ишлари бўйича қўмита Умра хизматини кўрсатиш бўйича лицензия берувчи ваколатли органга айланган.
Расмийлар лицензия талаблари кучайтирилишини турфирмалар айби билан бир неча минг зиёрати Саудия Арабистонида сарсон бўлгани билан изоҳлаган.
Жамоатчилик эса лицензия шартларини янада қийинлашиши ортидан Умра монополияси қайтишидан хавотирда.
Диний қўмита ва Мусулмонлар идораси Ҳаж ва Умра зиёратини узоқ йиллар давомида монополия қилиб келгани маълум. Бунинг ортидан юз минглаб ватандошлар зиёрат учун йиллаб навбат кутишга мажбур бўлган.
2022 йили жамоатчилик талаби асосида Умра сафарини сайёҳлик фирмалари орқали ҳам ташкил этишга рухсат берилганди. Шундан кейин зиёрат йўналишидаги турфирмалар сони ошгани, тарифлар кескин пасайгани кузатилган.