Ўзбекистонда Умрага юборадиган фирмалар сони қисқарди

Иллюстратив сурат

Дин ишлари бўйича қўмита 21 ноябрь куни Умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш фаолиятини амалга ошириш учун якка тартибдаги лицензия бериш бўйича танлов ғолиблари рўйхатини эълон қилди.

Танлов комиссияси ғолиб деб топган 12 та сайёҳлик фирмасининг 6 таси Тошкент шаҳрида, 3 таси Наманган вилоятида жойлашган. Хоразм, Фарғона ва Андижон вилоятларидан эса биттадан фирмага Умра лицензияси берилган.

Дин ишлари бўйича қўмита Умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказишга оид хизматларини лицензияга эга бўлмаган тадбиркорлик субъектлари томонидан кўрсатиш тақиқлангани, бунинг учун юридик шахсларга БҲМнинг 200 баравари миқдорида жарима белгиланганини эслатган.

Маҳаллий матбуотга кўра, жорий йил октябрь ойи бошида ҳам мамлакатда 80 га яқин фирма Умра хизматларини кўрсатиш билан шуғулланган.

Вазирлар Маҳкамаси жорий йил 12 октябрь куни “Умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ чора-тадбирларни янада такомиллаштириш тўғрисида”ги 668-сонли қарор қабул қилиши ортидан Умра лицензияси талаблари кучайтирилган. Жумладан, талабгорларга 1 миллион доллар миқдоридаги маблағни “Зиёрат жамғармаси”га захира сифатида қўйиш талаби жорий этилган.

Расмийлар лицензия талаблари кучайтирилишини турфирмалар айби билан бир неча минг ватандош Саудия Арабистонида сарсон бўлгани билан изоҳлаган.

Жамоатчилик эса лицензия шартлари янада қийинлашиши ортидан Умра монополияси қайтиши мумкинлигидан хавотир билдирган.