Ўзбекистонда хорижий сиёсий партиялар фаолияти тақиқланди

“Сиёсий партиялар тўғрисида”ги қонунга киритилган ўзгартишлар президент Шавкат Мирзиёев томонидан 2024 йил 2 июлида имзоланган

Ўзбекистон ҳудудида хорижий давлатларнинг сиёсий партиялари фаолиятига йўл қўйилмайди. Бу ҳақда “Сиёсий партиялар тўғрисида”ги қонунга киритилган ўзгартишларда қайд этилган.

Ўзбекистон президенти 2 июль куни имзолаган ҳужжат нусхасидан унинг 11 июнь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилингани, 22 июнь куни эса Сенат томонидан маъқуллангани англашилади.

Ҳужжат изоҳида қонунга ўзгартишлар бошқа заруратлар билан бир қаторда “хорижий давлатлар сиёсий партияларининг Ўзбекистон ҳудудидаги фаолиятини тартибга солиш” талаб этилгани туфайли киритилгани айтилган.

Очиқ манбаларда Ўзбекистон ҳудудида хорижий давлатда тузилган бирор-бир сиёсий партиянинг ошкора ёки яширин тарзда фаолият юритганига доир маълумот йўқ, шу важдан мамлакатда бундай қонун қабул қилинишига қай ҳодиса туртки бўлгани маълум эмас.

Ўзбекистонда айни пайтда бешта сиёсий партия рўйхатга олинган бўлиб, булар Ўзбекистон Халқ демократик партияси (ХДП), ЎзЛиДеП, “Миллий тикланиш”, “Адолат” ва Экологик партиялардир.

Ўзбекистонда ўтган асрнинг 90-йиллари бошида рўйхатга олинган “Бирлик” ва “Эрк” партияларини ўзбек расмийлари амалдаги партия ўлароқ тан олмай келишади. Лидерлари хорижда бўлган бу икки партия вакилларининг Ўзбекистон Адлия вазирлигида қайта рўйхатдан ўтишга ҳаракатлари ҳатто президент Шавкат Мирзиёев даврида ҳам ижобий натижа берган эмас. Шунингдек, профессор Хидирназар Аллақулов бошчилигидаги фаоллар томонидан янги бир партия тузиш бўйича амалга оширилган бир неча уриниш ҳам муваффақиятсиз якунланган.