Ўзбекистонда яна бир блогер 7 йилу 6 ойга қамалди

Иллюстратив сурат

Ўзбекистонлик блогер ва “Эзгулик” жамияти фаоли Мурод Махсудов Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Яшнобод тумани судининг 4 июндаги ҳукми билан 7,5 йилга озодликдан маҳрум қилинган. Бу ҳақда Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раҳбари Абдураҳмон Ташанов маълум қилди. Ташановга кўра, Махсудов ёпиқ суд мажлисларида ўзининг ҳақлигини исботлашга кўп уринган.

Ҳуқуқ фаоли тарқатган маълумот кейинроқ “Тошкент шаҳар судлари” телеграм-канали орқали расман тасдиқланган. Хабарномада Мурод Махсудов Ўзбекистон Жиноят кодексининг 139-моддаси (туҳмат) 3-қисми “а”, “г” бандлари, 165-моддаси (товламачилик) 2-қисми “б” банди ва 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 2-қисми “б”, “г” бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилгани қайд этилган.

Суд ҳукмига мувофиқ, блогер тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташи лозим.

Маҳаллий қонунчиликка мувофиқ, Махсудов суд ҳукми нусхасини олган кунидан бошлаб ўн сутка ичида Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига апелляция тартибида, ҳукм қонуний кучга киргандан сўнг кассация тартибида шикоят қилишга ва протест билдиришга ҳақли. Блогернинг бу ҳуқуқдан фойдаланиш нияти бор-йўқлиги ҳозирча маълум эмас.