Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек тумани суди “Вагнер” хусусий ҳарбий ширкатида хизмат қилган 48 ёшли ўзбекистонлик устидан ҳукм чиқарди. Бу ҳақда Газета.uz нашри ўз тасарруфидаги суд қарорига таянган ҳолда хабар қилди.
Нашр қайдича, вагнерчи устидан ҳукм 21 август куни чиқарилган.
Иш материалларидан маълум бўлишича, тошкентлик Б. З. моддий етишмовчилик сабабли 2022 йил сентябрь ойида пул топиш учун Россияга кетган. У 2023 йилнинг 20 майигача РФдаги бир корхонада новвой бўлиб ишлаган. Ўша пайтларда у Telegram каналларидан бирида “Вагнер” ХҲШ рекламасини кўрган.
“Унга жанговар ҳаракатларда қатнашганлик учун иш ҳақи 240 минг рубль (43,8 миллион сўм) бўлиши, шунингдек, 21 кун давомида ҳарбий тайёргарликдан ўтаётганда яна 45 минг рубль тўланиши маълум қилинган. У рози бўлган ва Краснодардаги ҳарбий базага борган”, деб ёзган Газета.uz.
Судда Б. З. 2023 йил 23 июнида “Вагнер” ХҲШ асосчиси Евгений Пригожиннинг Москвага “адолат марши”да иштирок этганини, кейинроқ ХҲШ жангчилари Украинага, кейин эса президент Александр Лукашенко таклифи билан Беларусга чекинганини айтган. У ўтган йили Пригожин вафоти ортидан ХҲШ билан муддатидан олдин тугаган шартномани узайтирган эмас ва 467 минг рубль маошини олиб, 24 сентябрь куни Тошкентга қайтиб келган.
Суд қароридан судланувчи Украинанинг Луганск ва Донецк вилоятларидаги жангларда иштирок этгани, медаль олгани англашилади.
“Судья эркакни Жиноят кодексининг 154-моддаси 1-қисми (Ёлланиш, 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади) билан айбдор деб топди ва жазони енгиллаштирувчи ҳолатларни (айбига тўлиқ иқрор бўлиш, пушаймонлик, вояга етмаган фарзанди ва ногиронлиги бор турмуш ўртоғи мавжудлиги) инобатга олган ҳолда, унга 4 йилга озодликдан чеклаш жазосини тайинланди”, дейилган нашр хабарида.
Унга соат 22:00 дан 6:00 гача яшаш жойини тарк этиш, оммавий тадбирлар, митинглар, намойишларда иштирок этиш, жиноят содир этишга мойил шахслар билан мулоқот қилиш, Ўзбекистон ҳудудидан ташқарига чиқиш тақиқланган.
Б. З. Ўзбекистонда Украинадаги урушда иштирок этиш учун “Вагнер” ХҲШга ёллангани важидан жазоланган кишиларнинг биринчиси эмас. Июль ойи ўрталарида Озодлик Қорақалпоғистоннинг Амударё туман суди Россия армиясида хизмат қилиш учун шартнома имзолаган, бироқ жанговар тайёргарликни тамомлагач, ҳарбий лагердан қочиб, Ўзбекистонга қайтган фуқаронинг озодлигини 3 йилга чеклаш тўғрисида ҳукм чиқаргани ҳақида хабар қилганди. Ундан аввал эса “Вагнер” ХҲШ сафида ярим йил мобайнида Украинада жанг қилган Шавкат Йўлдошевга нисбатан Оҳангарон туман суди томонидан 2 йилу 6 ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинлангани очиқланган эди.