Ўзбекистондаги йирик бозорлар, истироҳат боғлари ва хиёбонларда юз таниш тизимига эга камералар ўрнатилади. Бу ҳақда Миллий гвардия қўмондони Рустам Жўраев маълум қилди.
Мулозимга кўра, қўшимча видеокузатув камералари “жамоат тартибини сақлаш, ёнғин ва бошқа фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш самарадорлигини ошириш мақсадида” ўрнатилиб, Ягона мониторинг марказига интеграция қилинади.
Миллий гвардия қўмондонининг билдиришича, жисмоний ва юридик шахслар томонидан бинолар ёки уларга кириш йўлакларига ўрнатилган видеокузатув мосламаларини ўзида бирлаштирадиган “Е-Hamkor” дастури ҳам татбиқ этилиб, мазкур дастур ички ишлар органларининг ҳудудий ситуацион марказларига интеграция қилинади. Жўраев маҳаллаларда ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш бўйича янги тизим ва амалиёт жорий этилиб, мулкий ва жамоат тартибига қарши қаратилган жиноятлар содир этилиши эҳтимоли юқори бўлган объектларда доимий кузатув йўлга қўйилишини ҳам қўшимча қилган.
Аввалроқ Озодлик июнь ойи бошидан Қирғизистонда МДҲ мамлакатларида қидирувда бўлган шахслар юзини таниш тизими ишга туширилгани ҳақида хабар қилган эди. Қирғизистон ИИВ матбуот хизмати ўшанда камералар ишга туширилгани ортидан ўтган 10 кун мобайнида юз таниш функциясига эга бўлган кузатув камералари ёрдамида қидирувда бўлган 57 киши аниқланиб, милицияга олиб келинганини маълум қилган. Булардан орасида Россия ва Ўзбекистон фуқаролари бўлган тўрт киши қўлга олингани айтилган.
Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари авторитар бошқарувли мамлакатларда бу каби юз таниш камераларининг ишга туширилиши фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини сезиларли даражада чеклаб қўйиши мумкинлигидан ташвиш билдириб келишади. Айни пайтда юз таниш тизимини тўла тақиқлаш юзасидан ҳам хавотирлар йўқ эмас. Дейлик, мазкур тизим тўла тақиқланса, бу полициянинг бедарак йўқолган ёки жиноятда гумонланганларни қидириш ишини қийинлаштириши мумкин.