Ўзбекистонда муддатидан илгари президент сайловида муддатидан олдин овоз бериш бошланди

Ўзбекистонда 9 июлга белгиланган муддатидан илгари президент сайлови бўйича муддатидан олдин овоз беришга старт берилди.

Марказий сайлов комиссияси матбуот хизмати маълумотига кўра, муддатидан олдин овоз бериш учун республика бўйлаб сайлов участкалари 28 июнь куни соат 11:00 дан очилган.

МСК хабарномасида “сайлов куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган овоз берувчи муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқига эга” экани қайд этилган.

Хабарномага мувофиқ, муддатидан олдин овоз бериш вақти иш кунлари соат 9:00 дан соат 18:00 га қадар, дам олиш ва байрам кунлари соат 11:00 дан соат 17:00 га қадар амалга оширилади.

МСК ўзининг 27 июндаги хабарида муддатидан олдин овоз бериш 5 июль куни якунига етишини билдирган.

Аввалроқ Қурбон ҳайити муносабати билан ўзбекистонликлар кетма-кет 5 кун, яъни 28 июндан 2 июлгача дам олишлари эълон қилинган.

Жорий йилнинг 30 апрелида мухолифатсиз ўтган референдумда президент Мирзиёевга 2037 йилгача ёки 80 ёшгача ҳокимиятда қолиш имконини яратган янги таҳрирдаги конституция 90 фоиздан ортиқ овоз билан маъқулланганди. Унда президент муддати 5 йилдан 7 йилга узайтирилган.

Ўзбекистонда муддатидан илгари президент сайлови кампанияси шу йилнинг 10 майидан бошланиб, номзодларни рўйхатга олиш 6 июнь куни якунланган.

Сайловда иштирок этиш учун Ўзбекистон Либерал-демократик партияси амалдаги президент Шавкат Мирзиёевни, “Адолат” партияси Робахон Маҳмудовани, Халқ демократик партияси Улуғбек Иноятовни, Экологик партия эса Абдушукур Ҳамзаевни номзод ўлароқ кўрсатган.

Сайлов ўтказиладиган ойда 66 ёшни қаршилайдиган Шавкат Мирзиёев сўнгги бор 2021 йил октябрида 80 фоиздан кўпроқ овоз билан иккинчи 5 йиллик муддатга президент этиб сайланганди.