Ўзбекистондан Европага Каспий ва Қора денгиз орқали илк контейнер поезди йўлланди

Иллюстратив сурат

Олмалиқ кон-металлургия комбинати юклари ортилган илк контейнер блок поезди 16 декабрь куни Ўзбекистон пойтахти Тошкентдан Болгариянинг Бургас портини кўзлаб йўлга чиққан.

“Ўзтемирйўлконтейнер” АЖ матбуот хизмати маълумотига кўра, мазкур юк поезди мис концентратидан иборат 46 та вагон ва 91 дона 20 футлик контейнердан ташкил топган.

“Контейнер поезди "Ўзбекистон - Туркманистон - Озарбайжон - Грузия - Болгария/ Европа" йўналиши бўйлаб 4000 км дан ортиқ масофани босиб ўтади”, дейилган хабарномада.

Қайд этилишича, мазкур поезд қатнови Туркманистондан "ТЛЦТ" ОАЖ, Озарбайжондан ADY Container LLC, Грузиядан эса GR Logistics and Terminals каби хорижий ҳамкорлар кўмагида амалга оширилган.