Ўзбекистонга энг кўп турист қўшни мамлакатлардан келмоқда

Самарқанд Регистонидаги Тиллакори мадрасасини кезаётган туристлар (иллюстратив сурат)

Жорий йилнинг январь-май ойларида Ўзбекистонга туристик мақсадда ташриф буюрган хорижликлар сони 2,8 миллион нафардан ошган.

Статистика агентлиги қайдича, бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даври билан солиштирганда 9,6 фоизга (248,2 минг нафарга) кўпдир.

Ўзбекистонга энг кўп турист йўллаган мамлакатлар учлигига мамлакатнинг минтақадаги қўшнилари – Тожикистон, Қирғизистон ва Қозоғистон кирган. 2024 йилнинг беш ойи давомида Ўзбекистонга, хусусан 871,5 минг нафар тожикистонлик, 857 минг нафар қирғизистонлик ва 498,2 минг нафар қозоғистонлик келиб кетган. Бу уч мамлакат фуқаролари Ўзбекистонга туристик мақсадда ташриф буюрганларнинг қарийб 80 фоизини ташкил этган.

Бундан ташқари январь-май ойларида Ўзбекистонга Россиядан 289,6 минг нафар, Туркманистондан 53,8 минг нафар, Туркиядан 42,1 минг нафар, Ҳиндистондан 23,2 минг нафар, Хитойдан 22,8 минг нафар, Италиядан 15,3 минг нафар, Жанубий Кореядан 15,1 минг нафар, бошқа давлатлардан эса жами 148,7 минг нафар турист келган.

Агентлик туристларнинг 2 миллион 237 минг 400 нафари Ўзбекистонга қариндошларини йўқлаш, 426 минг 500 нафари сайёҳлик, 68 минг 400 нафари хизмат юзасидан, 51 минг 500 нафари тижорат, 46 минг 200 нафари даволаниш, 7 минг 400 нафари эса ўқиш мақсадида келганини маълум қилган.