Жорий йил бошидан бери Ўзбекистонга Эрондан сабзавот импорт қилиш ўтган йилга нисбатан олти бараварга ортган. EastFruit лойиҳаси маълумотига кўра, агар ўтган йили Эрон Ўзбекистонга 5,4 миллион долларлик қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етказиб берган бўлса, 2021 йилнинг уч чораги ичида бу сумма 30,3 миллион долларга етган.
Сабзавот импорти асосан картошка ҳисобига кўпайган – бу йил Ўзбекистонга Эрондан қиймати 17,6 миллион долларга тенг бўлган 126 минг тоннадан зиёд картошка келтирилган.
Шунингдек, Эрондан хурмо импорт қилиш ҳам 5,4 бараварга ошгани қайд этилган. Маълумотларга кўра, йил бошидан буён Ўзбекистонга бу маҳсулотдан 6,9 минг тонна олиб келинган. Бундан ташқари, Эрондан киви, писта, олма ва саримсоқ импорти ҳам кўпайган. Айни пайтда Ўзбекистон Эронга мева ва сабзавот экспорт қилмагани айтилмоқда.