Ўзбекистонда ўзлаштирилаётган хорижий инвестициялар ҳажми бўйича 2023 йили Хитой Россияни ортда қолдириб, биринчи ўринга чиқиб олган.
Ўтган йили Ўзбекистонда асосий капиталга ўзлаштирилган инвестициялар ҳажми 352 триллион сўмни ташкил этганини билдирган Статистика агентлиги бундан асосий капиталга ўзлаштирилган жами хорижий инвестиция ва кредитлар улуши 53,4 фоизга етганини қўшимча қилган.
Агентлик қайдича, ўзлаштирилган жами хорижий инвестиция ва кредитлар ҳажмида энг юқори улушга эга бўлган инвестор давлатлар ичида биринчи ўринда Хитой (25,6 фоиз), иккинчи ўринда Россия (13,4 фоиз), учинчи ўринда эса Саудия Арабистони (7,9) турибди. Шунингдек, 2023 йилда Ўзбекистонга салмоқли даражада инвестиция киритган давлатлар қаторида Туркия (6,4 фоиз), Бирлашган Араб Амирликлари (5,8) ва Германия (4,3 фоиз) каби давлатлар ҳам санаб ўтилган.
Аввалроқ Статистика агентлиги 2022 йили Ўзбекистонда 270 триллион сўмлик сармоя ўзлаштирилгани, бунинг 112,2 триллион сўмини хорижий инвестиция ва кредитлар ташкил этгани ҳақида маълумот тарқатган эди. Ўшанда Ўзбекистонга ётқизилаётган сармоя ва берилаётган кредитлар бўйича Россия биринчи ўринда (20,3 фоиз), Хитой иккинчи ўринда (16,4 фоиз), Туркия эса учинчи ўринда (10,1 фоиз) экани қайд этилган.