Ўзбекистонга келаётган эмланмиш фуқаролардан эндиликда ПЗР-тести талаб этилмайди

Тошкент халқаро аэропорти (архив сурати)

Жорий йилнинг 16 мартидан эмланганлик сертификатига эга бўлган чет эл фуқаролари ПЗР-тест натижасисиз Ўзбекистонга кириши мумкин. Бунга оид қарор, Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, Республика махсус комиссияси томонидан қабул қилинган.

Қарорга мувофиқ, эмланганига оид сертификатга эга бўлмаган фуқаролардан топширилганига 72 соатдан кўп бўлмаган, манфий натижали ПЗР-тест маълумотномаси сўралади.

“Агар на вакцина, на тест маълумотномаси бўлса, унда чегара ўтиш пунктларида экспресс-антиген тест топшириши талаб этилади”, дейилган ССВ хабарномасида.

Хабарномада махсус комиссия қарори билан ўзбек-қозоқ ва ўзбек-тожик чегарасидаги ўтказиш масканлари орқали икки мамлакат фуқароларининг ўтишига қўйилган вақтинча чекловлар олиб ташлагани, шунингдек хорижликлар учун электрон виза расмийлаштириш ва бериш тизими (E-VISA) қайта ишга тушгани қўшимча қилинган.