Ўзбекистонга АҚШнинг Pfizer ва Германиянинг BioNTech ширкати томонидан ишлаб чиқарилган коронавирусга қарши Comirnaty вакцинасидан 100 минг доза олиб келинади. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари – Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи Баҳодир Юсупалиев маълум қилган.
Мулозимга кўра, ССВ ва ҳамкор ташкилотлар томонидан COVID-19 га қарши вакцинани амалиётга киритиш учун Ўзбекистон аҳолисининг 20 фоизи миқдорида буюртма тайёрланиб, COVAX фондига юборилган.
“Ҳозирда GAVI ташкилоти билан ҳамкорликда Американинг Pfizer ва Германиянинг BioNTech компанияси томонидан ишлаб чиқарилган коронавирусга қарши Comirnaty вакцинасини Ўзбекистонга 100 минг доза миқдорида олиб келиниши бўйича ишлар олиб борилмоқда”, деган Б. Юсупалиев.
Pfizer/Biotech вакцинасини -70 даражада сақлаш лозимлиги ҳақида аввал билдирилган.
Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғининг айтишича, Ўзбекистонда -70 ℃ ҳароратни сақлайдиган музлатгичлар мавжуд. Мулозим шу кунда коронавирусга қарши эмлаш жараёнини пухта режалаштириш ва тиббиёт ходимларини махсус xавфсиз иммунизация шартлари бўйича тайёргарликдан ўтказиш, айниқса, вакцинатор, реаниматологлар ва бошқа тиббиёт ходимларини тайёрлаш ишлари бошлаб юборилганини қўшимча қилган.
Pfizer/Biotech вакцинаси Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан коронавирусга қарши эмлаш учун биринчилардан бўлиб рухсат этилган вакциналардан бири бўлиб ҳисобланади.