Жорий йилнинг 1 октябридан юридик шахслар табиий газни Ўзбекистон ҳудудига импорт қилишда божхона божидан озод қилинди. Бу ҳақда мамлакат президенти томонидан 6 октябрь куни имзоланган фармонда айтилган.
“Геология-қидирув ишларини янада рағбатлантириш ва ер қаъридан фойдаланувчиларга солиқ солиш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонда 1 октябрдан табиий газни экспортга реализация қилишда акциз солиғи ставкаси ноль фоиз миқдорида белгиланиши ҳам қайд этилган.
Мазкур ҳужжат билан 2022 йил 1 январидан фойдали қазилмаларни қазиб олиш ҳуқуқи учун ундириладиган тижоратбоп топилма бонуси ҳамда фойдали қазилмаларни аниқлаш ва разведка қилиш бўйича фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқи учун ундириладиган имзоли бонус бекор қилинган.
Шунингдек, фармонда кейинги йил бошидан геология-қидирув ва (ёки) изланиш ишлари ўтказиш учун ажратилган ер участкалари юридик шахслардан олинадиган ер солиғи солиш объекти ҳисобланланмаслиги ҳамда геологик ўрганишлар учун ер қаъридан фойдаланганлик учун ҳар йиллик лицензия тўлови жорий қилиниши айтилган.
Фармон билан кейинги йил 1 январидан ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқини танлов савдоларига чиқаришнинг махсус тартиби ўрнатилиши белгиланган. Сотув суммаси ер қаъридан фойдаланиш ҳуқуқи учун бонус суммаси сифатида қаралиши ва танлов савдолари ташкилотчиларининг харажатларини чегирган ҳолда республика бюджетига ўтказилиши, танлов савдолари ташкилотчиси ёки танлов савдолари иштирокчилари фойдали қазилмаларни қазиб олишда (ажратиб олишда) айрим солиқ турлари бўйича солиқ ставкаларини оширилган миқдорда таклиф қилиш ҳуқуқига эга бўлиши шулар жумласидандир.