Ўзбекистонга таглик импорти кескин қисқарди

Иллюстратив сурат

Иллюстратив сурат

2025 йилнинг дастлабки икки ойида Ўзбекистонга аёллар ва болалар учун гигиеник прокладка ва тагликлар импорти 2112 тоннани ташкил этган.

Kun.uz нашрининг Божхона қўмитаси маълумотларига таянган ҳолда ёзишича, таглик импорти 2024 йилнинг шу даврига нисбатан (3826 тонна) 1714 тоннага ёки 1,8 баробарга камайган.

Бу тоифадаги маҳсулотларни олиб кириш қиймат жиҳатдан 2,7 баробарга қисқарган: икки ойлик импорт ўтган йилги 15,2 миллион доллардан бу йил 5,6 миллион долларга тушган.

Таглик импортидаги сезиларли пасайиш ортидан мамлакатда нарх ошиши ҳам кузатилмоқда.

Маҳаллий матбуот бу ҳолатга эътибор қаратишига ижтимоий тармоқларда тарқалган болалар таглиги учун сертификат жорий этилгани ва импорт тагликларга сертификат берилмаётгани ҳақидаги хабарлар сабаб бўлган.

Ушбу хабар ортидан мамлакатда “таглик қироли” пайдо бўлаётгани, “улкан наҳангга охур ясалаётгани” ҳақида тахминлар илгари сурилди.

Ким турибди бу тақиқлар ортида? Қайси “маҳаллийлаштирувчилар” учун Ўзбекистон болалари ва оналари жазоланмоқда?” дея мутасаддиларни саволга тутган иқтисодчи Отабек Бакиров.

Божхона қўмитасига кўра, Ўзбекистон 2023 йилда хориждан 102,8 миллион долларлик, 2024 йилда эса 86,9 миллион долларлик аёллар ва болалар гигиеник прокладка, тагликларини сотиб олган.