Жорий йилнинг 30 июнь куни Ўзбекистонга Хитойдан яна 1 миллион доза ZF-UZ-VAC2001 вакцинаси олиб келинган. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.
ССВ қайдича, ZF-UZ-VAC2001 вакцинасидан Ўзбекистонга шу йил март ойида 1 миллион доза, апрель ойида 1 миллион доза, май ойида 1,5 миллион доза, июнь ойида эса 2 миллион доза келтирилганди. Бугунги – 7-партия билан мамлакатга олиб келинган мазкур вакцина миқдори 6,5 миллион дозага етган.
Айни пайтда вазирлик Ўзбекистонга олиб келинган бошқа вакциналар (Спутник-V ҳамда AstraZeneca) билан биргаликда мамлакатдаги вакцина захираси 7,4 миллион дозага етганини, бундан 3,5 миллион дозаси эмлов жараёнида қўлланилганини билдирган.
Аввалроқ Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи ўринбосари Ботир Қурбонов август ойида Ўзбекистонга COVAX дастури доирасида Pfizer, Moderna ёки ЖССТ тасдиқлаган бошқа вакциналар ҳам келтирилиши мумкинлигини маълум қилганди.
Ўзбекистонда коронавирусга қарши эмлаш шу йил 1 апрелидан бошланган. Ҳисоб-китобларга кўра, ҳозиргача Ўзбекистон аҳолисининг 4 фоизи коронавирусга қарши тўлиқ эмланган.