Ўзбекистонликлар Рамазон ойининг илк ҳафтасида ҳашарга чиқарилади

Оммавий ҳашарга жалб қилинган ўзбек ёшлари (архив сурати)

Жорий йилнинг 16 мартидан 18 мартигача “Обод ва файзли маҳалла — юрт кўрки” шиори остида Ўзбекистон бўйлаб умумхалқ ҳашари ўтказилади. Бу ҳақда президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Бу саналар Рамазон ойининг илк ҳафтасига (шанба, якшанба ва душанба) тўғри келади ва Наврўз байрами арафасига бўлиб ўтади.

Аввалроқ Ўзбекистон мусулмонлари идораси мамлакатда Рамазон ойи 11 мартдан бошланишини эълон қилган. Шу билан бирга, президент фармонига мувофиқ, ўзбекистонликлар бу йил Наврўз байрами муносабати билан кетма-кет 4 кун (21, 22, 23 ва 24 март кунлари) дам олиши кутилмоқда.

Ҳукуматнинг 2018 йил 10 майида чиқарилган “Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида мамлакатдаги умумхалқ ҳашарлари президентнинг тегишли ҳужжати ёки Вазирлар Маҳкамасининг қарори мавжуд бўлган тақдирдагина ташкил этилиши ва ҳашарларга аҳоли фақат ихтиёрий тарзда жалб қилиниши мумкинлиги қайд этилган.