Ўзбекистонликлар учун Германиядан ишчи визаси олиш осонлашади

Германия ўзбекистонликлар учун ишчи визасини бериш тартибини енгиллаштирмоқчи. Бу ҳақда ГФР ички ишлар вазири Нэнси Фезер Ўзбекистон камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Беҳзод Мусаев билан куни кеча Самарқандда бўлиб ўтган учрашувда маълум қилган.

Бандлик вазирлиги қайдича, учрашув чоғида Фезер хоним икки мамлакат ўртасида миграция масаласида қатор енгилликлар ишлаб чиқилаётгани, битим доирасида немис иш берувчилари ўзбекистонликларни соддалаштирилган тартибда ишга қабул қилишга тайёрлигини билдирган.

Аввалроқ бандлик вазири Беҳзод Мусаев “Ўзбекистон 24” телеканалига берган интервьюсида икки давлат ўртасида темир йўл ва автобус ҳайдовчилари ҳамда ҳамшираларни тайёрлаш бўйича амалий келишувларга эришилгани, бу йил 800 дан зиёд ҳамшира Германияга уюшган ҳолда юборилиши, уларнинг 400 нафари аллақачон Германияда ишлаётгани, ўзбекистонлик ҳамшираларнинг иш ҳақи камида 2200 еврони ташкил қилиши ҳақида маълум қилган эди.

Вазир Мусаев германиялик мутасаддилар билан соддалаштирилган виза тартиб-қоидалари кўриб чиқилгани, Германиядан кўплаб иш берувчилар билан бундай шартномаларни имзолаш режалаштирилганини тасдиқлаган.

“Ушбу келишувни тарихий деб атаса бўлади. Мисол учун, Ҳиндистон ва Германия ўртасида ушбу шартнома 6 йил давомида тайёрланган бўлса, Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги стратегик муносабатларни аҳамиятга олган ҳолда, ушбу мураккаб ҳужжат бир йил ичида тайёрланди ва имзоланди. Бугунги битим 1−5 йиллик муддатни эмас, балки 10−20−30 йиллик муддатни ўз ичига олади”, дея иқтибос келтирмоқда маҳаллий матбуот Беҳзод Мусаев сўзларидан.

Аввалроқ Ўзбекистон Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги вазирлик мутасаддилари ва Германиянинг "Globogate Concept AG" концерни ўртасида имзоланган ҳамкорлик шартномасига мувофиқ, Тошкентда “Ҳамширалар учун Германия тиббиёт академияси” ташкил этилиши, академия талабаларига бир йил давомида касб ва тил ўргатилиши, ўқиш сўнгида улар диплом олиш билан бир қаторда Германияда ишлаш ҳуқуқини берувчи касбий сертификатни ҳам қўлга киритиши ҳақида маълум қилган.

Шунингдек, вазирлик DB Engineering & Consulting ширкати билан Ўзбекистонда Германия темир йўллари ("Deutsche Bahn”) учун мутахассислар тайёрлаш бўйича баённома имзолангани ҳақида ҳам маълумот тарқатган.

“Германия темир йўл транспорти, автобус, метрополитен тизими учун мутахассисларга эҳтиёжимиз баланд ва уларни немис стандартлари асосида Ўзбекистонда ўқитиб, касб ва тил имтиҳонларидан муваффақиятли ўтган номзодларни эса “Deutsche Bahn” тармоғига ишга жойлаштиришга тайёрмиз”, дея иқтибос келтирилган DB Engineering & Consulting ширкати раҳбари Нико Варбанофф сўзларидан бандлик вазирлиги хабарномасида.