Ўзбекистон фуқаролари учун йиллик Ҳаж квотаси 24 мингтагача оширилади. Бунга оид келишувга Саудия Арабистони подшоҳлиги ҳаж ва умра ишлари вазири Тавфиқ бин Фавзон ар-Рабиа бошчилигидаги делегациянинг 29 сентябрь куни президент Шавкат Мирзиёев қабулида бўлган пайтда эришилган.
Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, қабул чоғида Саудия делегацияси йилига Ўзбекистондан 100 минг нафаргача Умра зиёратчисини қабул қилишга тайёр эканини билдирган.
Каримов ҳукмронлиги даврида ўзбекистонликлар учун Ҳаж квотаси 5000 дан оширилган эмас. Мирзиёев даврида бу кўрсаткич ўсган, дейлик, 2019 йилда 7 200 нафар ўзбекистонлик учун Ҳаж ибодатини адо этиш имконияти берилган. Жорий йилда эса Ўзбекистон фуқаролари учун умумий ҳаж квотаси 10 865 нафар этиб белгиланганди.
Аслида бирор мамлакат учун Ҳаж квотаси “ҳар минг мусулмонга бир зиёратчи” формуласидан келиб чиққан ҳолда белгиланади. Ўзбекистонда ўртача ҳисоб-китобларга кўра 31 миллиондан зиёд мусулмон яшаши эътиборга олинса, сўнгги келишув ортидан квота меъёрга яқинлашиб қолганини кўриш мумкин.
Саудия ҳаж ва умра ишлари вазири Тавфиқ бин Фавзон ар-Рабиа бошчилигидаги делегация Тошкентга келгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган эди.