Шахсига қарши босимлар туфайли 2018 йил охирида Ўзбекистондан чиқиб кетишга мажбур бўлган собиқ имом Фазлиддин Парпиев ва яқинлари икки кундан буён укаси Абдуллоҳдан хабар ололмаяпти. Бу ҳақда у Фейсбук тармоғидаги ўз саҳифаси орқали маълум қилди.
Фазлиддин Парпиевнинг ёзишича, 1 август куни эрталабки соат 8:30 ларда укасининг уйига икки нафар орган ходими уни сўраб келган. Бу пайтда Абдуллоҳ фарзандларини боғчага олиб кетганидан хабар топган ходимлар унга қўнғироқ қилишиб, Олмазор туман ИИБсига “бирров”га келиб-кетиши лозимлигини айтишган.
Абдуллоҳ Парпиев ИИБга борган. Бир муддат сўнгра ички ишлар ходимлари унинг уйига тинтув ўтқазиш учун келишган. Тинтув чоғида тақиқланган ҳеч қанақа адабиёт топилган эмас.
Фазлиддин Парпиев укаси ҳеч қанақа қора рўйхатда турмаслиги, телефонида ҳеч қандай тақиқланган материал сақламаслиги, Ўзбекистон мусулмонлар идорасининг халқаро алоқалар бўлимида ишлашини маълум қилган.
“Энг қизиғи укам ҳозир ҳеч қаерда йўқ. На тириги, на ўлиги. Ҳеч кимдан ҳеч қандай маълумот олишнинг имкони бўлмаяпти, адвокатни яқинига йўлатишмаяпти. Қаерга борса, “бизда бундай фуқаро йўқ” деган жавоб олиняпти.
Қонун устувор бўлган мамлакатда бус-бутун одамни йўқ бўлиб қолиши, оила аъзоларига хабар берилмаслиги тўғри келадиган ишми? Айби бўлса ёки бирор нимада гумон қилинса, очиқлаб қўйиш шунчалар мушкул ишми? Бу саволларга ким жавоб беради?” дея савол ташлаган Фазлиддин Парпиев.
Фазлиддин Парпиев 2018 йил сентябригача Тошкентдаги “Омина” жоме масжидида имом бўлиб ишлаган. Унинг ишдан олинишига ўша пайтда президент Мирзиёевга видеомурожаат билан чиқиб, Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органларини фуқароларнинг диний эркинликларини поймол этаётганликда айблагани сабаб бўлгани айтилади.
Парпиев ўша йил декабрида Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан “сиёсий постлар ёзмаслик” ҳақида огоҳлантирилиши ортидан Ўзбекистондан чиқиб кетишга мажбур бўлганини айтган эди.