Ўзбекистон бўйлаб 10 ойлик ўқитиш ва малака ошириш дастурларини бошлаш учун 25 нафар америкалик инглиз тили ўқитувчиси шу ҳафта мамлакатга олиб келинган. Бу ҳақда маълумот тарқатган АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси бу мутахассислар Ўзбекистонга маҳаллий ўқитувчилар билан биргаликда ўқувчи ва талабаларга бевосита дарс бериш мақсадида таклиф этилганини урғулаган.
Элчихона қайдича, мазкур гуруҳ таркибига мактабларнинг 10-синфидан университет даражасигача бўлган босқичда маҳаллий ҳамкасблари билан биргаликда сабоқ берадиган америкалик 17 нафар инглиз тили ўқитувчиси ҳамда университет даражасида инглиз тили ўқитиш салоҳиятини оширадиган, бошқа тилларда сўзлашувчилар учун инглиз тили ўқитишга (TESOL) ихтисослашган 8 нафар тажрибали устоз (EL Fellows) кирган.
Қўшма Штатларнинг турли бурчакларидан – Калифорниядан Флоридагача бўлган ҳудуддан келган бу ўқитувчилар Ўзбекистоннинг 11 та вилоятида инглиз тили ўқитиш билан бир қаторда АҚШнинг маданият элчилари ўлароқ ҳам хизмат қилиши айтилмоқда.
Америкадан келган ўқитувчиларнинг 15 нафари АҚШ Давлат департаментининг Фулбрайт инглиз тили ўқитиш бўйича ёрдамчиси (ETA) дастури иштирокчиси, 2 нафари эса Тошкентдаги АҚШ элчихонасининг “Инглиз тили ўргатувчи” дастурида аввал ҳам қатнашган ETA битирувчилари экани, уларнинг TESOL ёки тегишли соҳада магистр даражасига ва ўртача 10 йиллик ўқитувчилик тажрибасига эгалиги айтилган.
Хабарномада АҚШ ҳукумати 2018 йилдан бери Ўзбекистонда инглиз тили ўқитиш ва ўрганишга 28 миллион доллардан ортиқ маблағ сарфлагани, бу ёрдам мамлакат бўйлаб 10 мингдан ортиқ мактаб учун юқори сифатли инглиз тили дарсликларини харид қилиш ҳамда мактаблардаги 15 минг нафар инглиз тили ўқитувчисининг малакасини оширишни ўз ичига олгани қўшимча қилинган.