Ўтган йили ташқи савдо айланмаси бўйича Ўзбекистоннинг энг фаол ҳамкори Хитой Халқ Республикаси бўлган.
Статистика агентлиги маълумотига кўра, 2023 йилда Ўзбекистон Хитой билан 13,7 миллиард долларлик (ТСАнинг 21,9 фоизи) савдо алоқаларини амалга оширган. Бунинг 11,2 миллиард долларини Хитойдан сотиб олинган товарлар (импорт), 2,5 миллиард долларини эса Ўзбекистон сотган товарлар (импорт) ташкил этган.
Шу тариқа ХХР икки йилдан буён Ўзбекистоннинг асосий ҳамкори орасида пешқадамликни қўлдан бермай келаётган Россияни иккинчи ўринга суриб қўйган. РФ билан Ўзбекистон 2023 йилда 9,9 миллиард долларлик (15,8 фоиз) олди-берди қилган. Бунинг 6,6 миллиард доллари импорт, 3,3 миллиард доллари эса экспорт моллари бўлган.
Ўтган йили Ўзбекистон билан фаол ҳамкорлик қилган мамлакатлар қаторида яна Қозоғистон (7 фоиз), Туркия (5 фоиз) ва Жанубий Кореяни (3,7 фоиз) санаш мумкин.
Умуман олганда эса, Ўзбекистон ҳисобот йилида 198 та мамлакат билан савдо қилган ва мамлакат ТСАси 62,6 миллиард долларни ташкил этган. Бундан 38,1 миллиард доллари импорт, 24,4 миллиард доллари эса экспорт ҳиссасига тўғри келади.
Аввалроқ Озодлик Ўзбекистонга инвестиция киритаётган мамлакатлар орасида Хитой пешқадамлик қилаётгани, ХХР бу соҳада ҳам Россияни ортда қолдиргани ҳақида хабар қилган эди.