Ўзбекистоннинг беш йиллик режалари эълон қилинди

Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисидаги нутқи, Тошкент, 2024 йил 20 ноябри

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 20 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисидаги нутқида мамлакат ҳукуматининг келгуси беш йилдаги устувор вазифаларини эълон қилди.

Қайд этилишича, Абдулла Арипов бошчилигидаги янги ҳукумат ислоҳотлар шиддатини пасайтирмай, 2030 йилга бориб, иқтисодиёт ҳажмини 200 миллиард долларга етказиши зарур.

Шунингдек, макроиқтисодий мувозанатни сақлаб, келгуси беш йилда иқтисодий ўсиш суръатини 6-7 фоиз атрофида таъминлаш, инфляция даражаси 5-6 фоиз, бюджет тақчиллиги 3 фоиз доирасида бўлишига эришиш лозим.

Йиллик кредитлаш ҳажмини эса 30 миллиард долларга олиб чиқиш асосий вазифа саналади.

Келгуси беш йилда ҳукумат камида 100 миллиард долларлик хорижий инвестицияларни ўзлаштириб, йиллик экспорт ҳажмини 45 миллиард долларга олиб чиқиши, унда тайёр маҳсулотлар улушини 50 фоизга етказиши кўзда тутилган.

Бундан ташқари, хорижий туристлар оқимини 15 миллион нафарга, туризм хизматлари экспортини 5 миллиард долларга олиб чиқиш белгиланган.

Мирзиёев таъкидича, келгуси 5 йилда мамлакат аҳолиси сони 40 миллиондан ортиши камбағалликни қисқартириш, экология, энергетика, транспорт, йўл, ичимлик сув, аҳолини уй-жой билан таъминлаш каби соҳаларда долзарб вазифалар қўяди.

Янгидан сайланган парламентнинг 20 ноябрдаги йиғинида Абдулла Арипов учинчи муддатга бош вазир этиб маъқулланди.

Айни пайтда жамоатчилик фаоллари Ўзбекистонда йирик бизнес, жумладан, олигархик гуруҳларнинг ҳукумат қарорларига босими ва зарарли таъсирини камайтириш бўйича қонунчилик чекловларини киритиш вақти келганини айтишмоқда.