Жорий йилнинг 1 август ҳолатига Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари 37 миллиард 402 миллион 200 минг АҚШ долларини ташкил қилган. Бу ҳақда Марказий банк ҳисоботида айтилган.
МБ қайдиа, 1 июль ҳолатига захиралар 36 миллиард 340 миллион 600 минг долларга тенг эди, бу эса ўтган бир ой ичида мамлакат олтин-валюта захиралари 1 миллиард доллардан кўпроққа ошганини англатади.
Август ойи бошига келиб олтиннинг соф ҳажми 12,1 миллион трой унцияни, қиймати эса 29 миллиард 156 миллион 700 долларни ташкил этган. Июль ойида бу кўрсаткич 11,7 миллион трой унцияга (27 миллиард 318 миллион 900 минг доллар) тенг бўлган эди.
Аввалроқ Жаҳон олтин кенгаши (World Gold Council) июнь ойида Ўзбекистон 9 тонна олтин сотиб олиб, дунёдаги энг йирик олтин харидорларидан бирига айлангани ҳақида маълумот тарқатган эди.
Жорий йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистон чет давлатларга 23 тонна олтин экспорт қилиб, дунёда энг кўп олтин сотган мамлакатга айланган эди.
Ўзбекистон 2023 йилда ҳам жами 25 тонна олтин сотган, шу тариқа дунёда энг кўп олтин экспорт қилган мамлакатлар орасида иккинчи ўринни эгаллаганди.
Олтин-валюта захираси ҳар бир мамлакатнинг “қора кун”га асралган мулки бўлиб ҳисобланади.