Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари икки ойда қарийб 2,4 млрд долларга камайди

Иллюстратив сурат

Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари жорий йилнинг январь ва февраль ойларида 2,37 миллиард долларга камайган.

Марказий банк маълумотига мувофиқ, 1 март ҳолатига кўра олтин-валюта захиралари 32 миллиард 195 миллион 800 минг долларни ташкил этган. МБ жорий йилнинг 1 январь ҳолатига мазкур кўрсаткич 34 миллиард 564 миллион 700 минг долларга, 1 февраль ҳолатига эса 33 миллиард 415 миллион долларга тенг бўлганини қайд этган.

МБ ҳисоботида келтирилишича, жорий ой бошида захирадаги олтин қиймати 24 миллиард 96 миллион 800 минг долларга тенг бўлган. Бу кўрсаткич февраль ойида 24 миллиард 925 миллион 900 минг доллар, январь ойида эса 24 миллиард 632 миллион 200 минг доллар миқдорида эди.

Аввалроқ Озодлик World Gold Council (Жаҳон олтин кенгаши) ҳисоботига таянган ҳолда Ўзбекистон 2023 йилда жаҳон бўйлаб хорижга энг кўп олтин сотган мамлакатлар орасида иккинчи ўринни эгаллагани ҳақида хабар қилганди.

Олтин-валюта захираси ҳар бир мамлакатнинг “қора кун”га асралган мулки бўлиб ҳисобланади