Жанубий Кореяда ҳарбий ҳолат эълон қилиниши муносабати билан Ўзбекистоннинг Сеулдаги элчихонаси ушбу давлатдаги ватандошларга шахсий хавфсизлик чораларини кўришни тавсия қилди.
“Бугунги кунда мамлакатда юзага келаётган ички сиёсий вазиятдан келиб чиққан ҳолда, барчангиздан Жанубий Кореяда турли хил митинглар ва намойишларда иштирок этмасликка, одамлар гавжум жойларга бормасликка, ўзингизнинг шахсий хавфсизлигингиз ва соғлиғингизни эҳтиёт қилишга чақириб қоламиз”, дейилган дипломатик ваколатхона баёнотида.
Элчихона зарурат туғилган ҳолатларда +82 10 3213 4505 ёки +82 10 2909 4334 телефон рақамига мурожаат қилиш мумкинлигини эслатган.
Озодлик 3 декабрь куни Жанубий Корея президенти Юн Сок Ёль мамлакатда ҳарбий ҳолат жорий этгани ҳақида хабар қилган эди. У мазкур тадбирни конституциявий тузумни шимолий кореяпараст кучлардан ҳимоя қилиш истаги билан изоҳлаган.
Таркибига президент Юн Сок Ёль ҳам кирган ҳукмрон партия вакиллари ҳарбий ҳолат жорий этишга оид қарорни нотўғри деб аташган. Мухолифатдаги Демократик партия эса мазкур қарорни Конституцияга зид эканини урғулаган.
3 декабрь оқшомида ошиғич равишда йиғилган Жанубий Корея парламенти президентнинг ҳарбий ҳолатга доир қарорини бекор қилишни ёқлаб овоз берган.
Reuters агентлиги хабарига кўра, парламент ва жамоатчилик босими остида президент Юн Сок Ёль Вазирлар Маҳкамасининг навбатдаги йиғилишида ҳарбий ҳолатни бекор қилишга ваъда берган.