“Ўзбеккўмир”да можаро: 8 мартга бағишланган ўтиришда жароҳатланган ходим бошлиқлар жазоланишини талаб қилмоқда

Абдурайим Мақсудов касалхонада ўн кундан бери даволанмоқда.

“Ўзбеккўмир” АЖнинг “Ангрен кўмир кони” ва “Аппартак кўмир кони” филиаллари мулозимлари ўртасида келиб чиққан жанжалда жароҳатланган Абдурайим Мақсудов иккита филиал раҳбарларининг жазоланишини талаб қилмоқда.

“Ангрен кўмир кони”нинг кадрлар бўлими бошлиғи Мақсудов иддаосига кўра, 5 март куни ресторандаги ўтиришда тўрт мулозим уни калтаклагани оқибатида у бир кун кома ҳолатида ётган.

Шифокорларга кўра, ўн кундан бери касалхонада даволанаётган Мақсудовнинг аҳволи ҳозирда “ўртача оғирлик”да бўлиб, унинг бели, бурни, қўли синган.

“Ўзбеккўмир” мутасаддилари 5 мартдаги мулозимлар жанжалини изоҳлашни истамади.

Байрам “корпоративи”даги жанжал

“Ангрен кўмир кони”нинг кадрлар бўлими бошлиғи Абдурайим Мақсудов 15 март куни Озодликка мурожаат қилиб, ўзининг ўн кун аввал бошлиқлари томонидан калтакланганини айтиб, айбдорлар ҳануз жазосиз қолиб кетаётганидан шикоят қилди.

Мақсудовга кўра, можаро ўзаро жанжал оқибатида келиб чиққан:

- 5 март куни Хотин-қизлар байрамига бағишлаб, коллективимиздаги аёлларни табриклаш мақсадида корпоратив бўлди. Ангрендаги “Азия” ресторанида байрам қилдик. Байрам охирида бир ходимимизнинг маст ҳолатда юрганини кўриб, уни видеога олдим. Юриши кулгули эди. Эртага ўзига кўрсатаман, деб ўйладим. Шу пайт директоримиз Ф. келиб, “Нимага видеога оляпсан”, деб юзимга икки марта урди. У маст эди. Мен ҳам ичгандим, лекин маст эмасдим, эс-ҳушим жойида эди. Кейин воқеага бош муҳандис ва техника хавфсизлиги бўлими бошлиғи аралашиб, бизни ажратишди. Кейин мен укамга телефон қилиб, “бу ерда тўполон бўлди, мени келиб, олиб кет”, деб турган пайтим “Аппартак кўмир кони” директори Р. бир соқолли йигит билан келди. Улар қўлимни қайириб, телефонимни тортиб олди. Ўша ерда бармоғим синди. Кейин иккаласи мени уриб ташлади. Ерга йиқилган пайтим, улар кетди. Кейин телефонимни улардан қайтариб оламан деб, уларнинг орқасидан бордим. “Ангрен кўмир кони”нинг участка бошлиғи А. олдимдан чиқиб, мени қучоқлаб тепага кўтариб, ерга қаттиқ зарб билан урди. Шу пайт ҳушимдан кетдим ва бошқа нарсани эслай олмайман.

Мақсудов тилга олган мулозимлар исм-фамилияси Озодликка маълум. Бироқ ИИБ суриштируви ниҳоясига етмагани сабаб улар шахси очиқланмаяпти.

Абдурайим Мақсудов касалхонада.

40 яшар Абдурайим Мақсудов “Ангрен кўмир кони”да 12 йилдан бери ишлайди.

Мақсудовнинг ҳикоясига кўра, 5 март куни “уни уриб-уриб, йўл четига ташлаб кетишган пайтда бир такси ҳайдовчиси унга ёрдам қилган”:

Абдурайим Мақсудов 5 март куни комада ётган пайти яқинлари томонидан олинган сурат.

- Менга нима бўлганини кейин айтиб беришди. Йўл четида ҳушсиз ётган пайтим бир таксист йигит кўриб, қолиб, менга биринчи ёрдам кўрсатган. Кейин “Тез ёрдам” чақирган. Касалхонада 1 кун комада ётиб, кейин ҳушимга келдим.

Ангрен шаҳар касалхонаси шифокорларидан 15 март куни олинган маълумотга кўра, Абдурайим Мақсудовнинг аҳволи “ўртача оғирлик”да бўлиб, у шошилинч ёрдам бўлимида даволанмоқда.

Шифокорлар берган маълумотга кўра, Мақсудовнинг бели, бурни ва қўли синган бўлиб, ҳозирда тиббий муолажалар давом этмоқда.

“Ишни бости-бости қилишмоқчи”

Абдурайим Мақсудовнинг Озодлик билан суҳбатда иддао қилишича, “Ўзбеккўмир” АЖнинг “Ангрен кўмир кони” ва “Аппартак кўмир кони” филиаллари раҳбарлари 5 март кунги жанжални бости-бости қилиб, жазодан қутулиб қолишни режаламоқда.

- Мен айбдорлар жазосини олишини истайман, деди Мақсудов.

Абдурайим Мақсудовнинг рафиқаси Диноранинг Озодликка айтишича, иккита филиал бошлиқларининг эрига босим ўтказишидан қўрқиб, эрининг олдида кечаю кундуз “қоровуллик” қиляпти:

- Булар ҳаммаси мансабдор шахс-ку, улар тергов ишларини сотиб олмасин деяпман. Улар сувдан қуруқ чиқиб кетмасин. Чунки ўша куни историяни (касаллик варақасини) ҳам ўзгартирмоқчи бўлишган. Ҳозир мен иш бости-бости бўлиб кетишидан қўрқяпман. Шунинг учун эримнинг олдидан силжимаяпман. Олдига ҳеч кимни киргизмаяпман. Чунки қўрқаман, эрим кучсиз аҳволда ётибди. Шунга ўн кундан бери эримни қоровуллаб ўтирибман. Улар эрим даъвосини қайтиб олишини режалаштиришган. Келиб, эримдан шуни талаб қиляпти.

Ангрен шаҳар Ички ишлар бўлимидан олинган маълумотга кўра, Абдурайим Мақсудовнинг калтакланиши юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Озодлик 15 март куни “Ўзбеккўмир” мутасаддилари билан боғланиб, 5 мартдаги мулозимлар жанжали юзасидан изоҳ сўради, бироқ мутасаддилар ушбу воқеани изоҳлашни истамади.

Озодлик Мақсудов тилга олган жанжал иштирокчилари билан ҳам боғланди, бироқ улардан ҳам бирор изоҳ олиш имкони бўлмади.

“Ўзбеккўмир” ширкати миллиардер Фаттоҳ Шодиевнинг акаси Қобул Шодиев раҳбарлик қилиши айтиладиган SFI Management Group ширкатига қарашли экани айтилган.

Ўтган ой Ўзбекистон ҳукумати Шодиевлар бошқарувидаги корхоналарни қайтариб олаётгани хабар қилинганди. Ҳозирча “Ўзбеккўмир” ҳам Шодиевлардан олинган ёки олинмагани Озодликка маълум эмас.

Мавзуга алоқадор Ўзбекистон ҳукумати учта йирик корхонани Шодиевлар бошқарувидан қайтариб олди

5 март куни можаро чиққан “Ўзбеккўмир”нинг иккита филиали ширкатнинг энг йирик филиалларидан ҳисобланади.

“Ангрен кўмир кони” филиали кўмир ва каолин ҳамда бошқа бирга учрайдиган фойдали қазилмаларни қазиб олиш бўйича фаолиятни амалга оширади, шунингдек бошқа турдаги хизматлар ва ишларни бажаради.

“Аппартак кўмир кони” филиали эса кўмир ва бошқа фойдали қазилмалар қазиб олиш билан шуғулланади.