“Ўзбеккосмос” 2 минг чоғли ноқонуний чиқиндихонани аниқлади

Иллюстратив сурат

“Ўзбеккосмос” агентлиги жорий йил давомида мамлакатнинг қарийб 721 гектар ер майдонида 1928 та ноқонуний чиқиндихона борлигини аниқлади.

Экология йўналишида олиб борилган космик мониторинг жараёнида 255,5 гектар майдонда чиқинди сақлаш полигонлари чегарасидан ташқарига чиқиш ҳолатлари, 465,2 гектарда эса ноқонуний чиқинди полигонлари рўйхатга олинган.

“Ўзбеккосмос” агентлиги матбуот хизмати қайдича, Тошкент вилояти (363 та – 98,6 гектар), Қорақалпоғистон Республикаси (243 та – 63,2 гектар), Навоий вилояти (216 та – 112,4 гектар), Наманган вилояти (195 та – 65,2 гектар), Андижон вилояти (180 та – 42 гектар), Хоразм вилояти (168 – 22 гектар) каби ҳудудларда кўп сонли ноқонуний чиқиндихоналар мавжуд.

Агентликка кўра, ноқонуний чиқинди полигонларининг атроф-муҳит ва экологияга салбий таъсири катта бўлиб, бу ҳол зарарли ҳашаротлар кўпайиши, юқумли ва нафас йўли касалликларининг ортишига ҳам сабаб бўлади.

Ўзбекистонда йилига 14 миллион тонна чиқинди ҳосил бўлади. Лекин уларнинг атиги 4-5 фоизи қайта ишланади. Чиқинди полигонларидан 7 миллион тоннадан зиёд иссиқхона гази атмосферага чиқади, 43 минг тонна заҳарли фильтратлар ер остига сингади.

Жаҳон банки ҳисоботига мувофиқ, биргина Тошкентда PM2,5 майда заррали чанглар таъсири оқибатида йилига ўртача 3042 киши бевақт вафот этади. Экспертлар PM2,5 заррачалари билан антропоген ифлосланишнинг асосий манбалари қаторида чиқиндиларни ёқишни ҳам кўрсатишган.

Расмий статистикага кўра, ҳозирда маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш бўйича аҳолига кўрсатилган хизматлар учун дебитор қарздорлик 596 миллиард сўмни ташкил этади. Бу рақам муттасил ошиб бораётган бир пайтда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қаттиқ чиқинди хизматидан қарздорларнинг электр энергияси учун тўловини чеклашни таклиф этмоқда.