“Ўзбеккосмос” агентлиги “Чегара билмас дарёлар” халқаро экологик коалицияси экспертларининг Афғонистонда қазилаётган Қўштепа канали қирғоғи сув оқимига дош беролмагани ва катта ҳажмдаги сув яқин атрофга ёйилганига оид хулосасига қўшилмайди. Агентлик қайдича, канал атрофида улкан кўлмак пайдо бўлишига сизот сувларининг кўтарилиши сабаб бўлган.
“Ўзбеккосмос” ўз ходимлари томонидан томонидан Қўштепа каналидан сув сизиб чиқишга оид хабарлар турли фазовий ўлчам аниқликдаги мультиспектрал космик суратларнинг ретроспектив таҳлили асосида ўрганиб чиқилганини билдирган.
Қайд этилишича, агентлик Қўштепа канали қурилиши динамикасини космик мониторинг орқали мунтазам равишда кузатиш натижасида қазиш ишлари олиб борилаётган ҳудудларда 2022 йил май ойидан бошлаб ерости сизот сувларининг кўтарилишини аниқлаган.
Қурилиш давомида каналнинг тўртта қисмида сунъий тўсиқлар қолдирилган бўлиб, улар биринчи босқич ишлари якунида 2023 йил 10 октябрида тўлиқ олиб ташланган ва сув оқими ҳосил бўлган.
“Космик мониторинг натижасида 2023 йил 4 ноябрь куни Қўштепа каналининг 75,6-километрида ўнг қирғоқнинг 30 метрга яқин қисмидан сув сизиб чиқиши аниқланган. 5 ноябрь куни сув тарқалган ҳудуднинг майдони 19,5 километр квадрат, 25 ноябрда — 23,8 км кв., 13 декабрь ҳолатига эса 30,3 км кв.ни ташкил этиб, сувни тўхтатиш чоралари кўрилмаган”, дейилган “Ўзбеккосмос” изоҳномасида.
Аввалроқ “Чегара билмас дарёлар” халқаро экологик коалицияси экспертлари Қўштепа атрофида катта кўлмак ҳосил бўлишига канал деворлари Амударёдан келаётган сув оқимининг босимига бардош бера олмаганлиги сабаб бўлганига оид тахминни ўртага ташлаган эди.
“Ўз навбатида, канал қурилишига масъул афғон муҳандислари ерости сизот сувларининг меъёрини назорат қилиш мақсадида каналнинг 75,6-километрида сув мақсадли равишда очиқ ҳудудга йўналтирилганлигини таъкидламоқда”, дея қайд этган “Ўзбеккосмос”.
Агентликка кўра, ўта юқори аниқликдаги космик суратларнинг таҳлили натижасида сизот сувларини ташқарига йўналтириш учун канал қирғоғида мақсадли равишда қазиш ишлари олиб борилганлигининг (махсус техниканинг ишлатилиши, қазиб олинган тупроқ ҳажмининг пайдо бўлиши ва ҳоказолар) визуал белгилари аниқланмаган. Бундан ташқари, мавжуд материаллар сув сизиб чиқиш жойи атрофида ҳозирда сизот сувлари камайиб, канал туби аста-секин қуриб бораётганлигини кўрсатмоқда.
“Шундай қилиб, ўтказилган таҳлиллар интернет тармоғида тарқатилаётган “Чегара билмас дарёлар” халқаро экологик коалицияси экспертларининг Қўштепа канали қирғоғи Амударёдан олинаётган сув оқими натижасида ювиб кетилгани тўғрисидаги маълумотлари ҳақиқатга мос келмаслигини, сизиб чиққан сув — сизот сувлари эканини тасдиқлайди”, дейилган “Ўзбеккосмос” изоҳида.