“Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти 2022 йилдан бошлаб АИ-80 бензинини ишлаб чиқаришни босқичма-босқич тўхтатишни режалаштиряпти. Бу ҳақда ширкатнинг Нефтни қайта ишлаш, нефть-кимё, нефть маҳсулотларини сақлаш, ташиш департаменти директори Хушнуджон Маҳмуджонов 16 ноябрь куни АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжумани чоғида билдирган.
Мулозимга кўра, АИ-80 бензинини ишлаб чиқариш бўйича “Ўзбекнефтгаз”нинг ўз стратегияси бор.
“Бу АИ-80 бензинидан келаси йилдан бошлаб босқичма-босқич воз кечиб, уни янада сифатлироқ маҳсулот қилиб чиқариш устида ишлаяпмиз”, деган Х. Маҳмуджонов.
Ширкат АИ-80 маркали бензин ишлаб чиқаришдан бутунлай воз кечишни режалаётгани ҳақида “Ўзбекнефтгаз” раиси Меҳриддин Абдуллаевнинг ўтган йил июнида Бухоро нефтни қайта ишлаш заводига борган пайтида эълон қилинган, бироқ ўшанда бу жараён қачон бошланиши очиқланмаган эди.
АИ-80 бензини ўзбекистонлик ҳайдовчилар орасида энг ҳамёнбоп ёқилғилардан бири ўлароқ билинади. Расмий маълумотларга кўра, бугунги кунда бу бензин истеъмолчиларга 6800 сўмдан (тақрибан 63 цент) таклиф қилиняпти.