“Ўзгидромет” 8 та вилоятда сел эҳтимолидан огоҳлантирди

Сел оқибатларини бартараф қилиш билан шуғулланаётган ФВВ ходимлари (архив сурати)

Ўзбекистоннинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида 20-24 июнь кунлари кутилаётган кучли ёғин-сочин сел-сув тошқини ҳодисаларининг юзага келишига сабаб бўлиши мумкин. Бу ҳақда Гидрометеорология хизмати агентлиги маълумот тарқатди.

“Ўзгидромет” қайдича, сел ҳодисалари Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ, Деҳқонобод, Чироқчи, Китоб, Шаҳрисабз, Қамаши, Ғузор туманлари, Сурхондарё вилоятининг Сариосиё, Узун, Олтинсой, Денов, Бойсун, Шеробод, Шўрчи, Қумқўрғон, Музробод туманлари, Самарқанд вилоятининг Ургут, Самарқанд, Булунғур, Нуробод, Қўшработ, Каттақўрғон, Пайариқ, Жомбой, Иштихон туманлари, Жиззах вилоятининг Зомин, Бахмал, Ғаллаорол, Шароф Рашидов, Фориш, Янгиобод туманлари, Тошкент вилоятининг Оҳангарон, Бўстонлиқ, Паркент, Пискент, Ўртачирчиқ, Юқоричирчиқ туманлари ва Ангрен, Олмалиқ шаҳарлари, Наманган вилоятининг Поп, Косонсой, Чортоқ, Чуст, Наманган, Янгиқўрғон туманлари, Фарғона вилоятининг Сўх, Шоҳимардон, Фарғона, Бешариқ туманлари, Андижон вилоятининг Андижон, Асака, Жалақудуқ, Қўрғонтепа, Пахтаобод, Избоскан, Хўжаобод, Марҳамат туманлари ва Хонобод шаҳрида кузатилиши эҳтимоли бор.

Метеорологлар тоғолди ва тоғли ҳудудларда истиқомат қилувчи аҳолини ҳамда бу ҳудудларда ҳаракатланувчи ҳайдовчилардан тошқин эҳтимолига қарши эҳтиёткорлик чораларини кўриш ҳақида огоҳлантиришган.

“Республика ҳудуди бўйича ёмғир сувлари тўпланиши эҳтимоли бор, бу эса ҳудудларни сув босишига олиб келиши мумкин”, дейилган “Ўзгидромет” хабарномасида.

Агентлик 17-19 июнь кунлари ҳам сел-тошқин ҳодисалари кузатилиши мумкинлигидан огоҳлантирган эди.

Аввалроқ Озодлик Наманган вилоятининг Чуст туманида 17 июнь куни юзага келган сел тошқини оқибатида 14 яшар қиз қурбон бўлгани ҳақида хабар қилган эди. Сел қулатган девор тагида қолган 16 яшар яна бир қиз оғир аҳволда касалхонага етказилган.