Жорий йилнинг 1-3 октябрь кунлари республика шимолида ҳаво ҳарорати кечалари 0-5° илиқгача, кундуз кунлари 10-15° илиқгача пасаяди. Бу ҳақда Гидрометеорология хизмати маркази маълумот тарқатди.
Ўзгидромет ҳароратнинг совишини 30 сентябрь куни Ўзбекистоннинг шимолий ҳудудларига, 1-3 октябрь кунлари эса республиканинг қолган ҳудудларига Волгабўйи орқали Россиядан совуқ ва нам ҳаво массалари кириб келиши билан изоҳлаган.
Синоптиклар 1-2 октябрь кунлари республиканинг баъзи жойларида, 3 октябрь куни эса Фарғона водийси вилоятларида ёмғир ёғиши, 2-3 октябрь кунлари тоғолди ва тоғли ҳудудларда баъзи жойларда кучли ёғингарчилик бўлиши, баланд тоғларда ёмғир қорга айланишини тахмин қиляптилар.
Бу орада Ўзбекистоннинг аксар вилоятларидаги далаларда пахта йиғим-терими давом этмоқда.