Ўзгидромет ҳафта охирига бориб ҳаво ҳарорати -15 даражага совиши мумкинлигидан огоҳлантирди

Жорий йилнинг 22-23 январь кунлари Ўзбекистон шимолида ҳаво ҳарорати кечалари -12 -15 даражагача, кундуз кунлари эса -5 -8 даражагача совийди.

Ўзгидромет матбуот хизмати маълумотига кўра, бу кунлари ўртача кеча-кундузлик ҳаво ҳарорати меъёрдан 8-10 даражага паст бўлади.

Ташкилот ҳарорат пасайишига Ўзбекистон ҳудудига ғарбий Қозоғистон орқали Россияда шаклланган совуқ ва нам ҳаво массалари кириб келиши сабаб бўлишини билдирган.

Қайд этилишича, ҳафтанинг иккинчи ярмида республика бўйлаб ёғингарчилик кутилади,баъзи жойларда кучли қор ёғади, йўллар музлаши мумкин.

Бу йил Ўзбекистонда совуқ кунлар одатдагидан эртароқ ва шиддатлироқ бошлангани кузатилди. Хусусан, ўтган йилнинг ноябрь ойи ўрталаридан ҳарорат -15 даражагача пасайиб, мамлакат ҳудудида совуқ оқим узоқ вақт ҳукм сурди. Бу ҳолат қишга тайёргарлиги яхши бўлмаган республика бўйлаб энергетик коллапс юзага келишига сабаб бўлди.