Ўзгидромет шу йил 30 июнидан 4 июлигача Ўзбекистоннинг Бухоро, Навоий, Қашқадарё, Сурхондарё, Хоразм вилоятлари ва Қорақалпоғистонда кундузги ҳаво ҳарорати +38 дан +43 гача исиши мумкинлиги ҳақида маълумот тарқатди.
Қайд этилишича, мазкур кунларда Тошкент, Самарқанд, Жиззах ва Сирдарё вилоятларида кундузлари ҳарорат +41 даражагача, Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида эса +40 даражагача исийди.
Волгабўйидан кириб келган қуруқ ҳаво оқими туфайли ҳафта сўнггигача мамлакат ҳудудларида ёнғингарчилик бўлмаслиги башорат қилинмоқда. Шу кунда кузатилаётган об-ҳаво, маълумотларга кўра, ўртача ҳароратдан 2-4 даражага юқоридир.
Жорий ой бошида Озодлик суҳбатлашишга муваффақ бўлган Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги мутахассиси “йилнинг иссиқ даврида очиқ майдонларда бажариладиган ишлар ҳаво ҳарорати +36 даражадан юқори бўлганда инсон соғлиғи учун ўта хавфли ҳисобланиши”ни билдирганди.
“Бундай пайтда, белгиланган норматив ҳужжатларга кўра, иш режимини ўзгартириш лозим. Эрталаб кун қизигунга қадар ва кечқурун кун иссиғи пасайгандан кейин ишга чиқиш керак. Иш берувчилар иш вақтини куннинг салқин вақтларига кўчирган ҳолда ташкил қилишлари лозим”, деганди вазирлик вакили.
Бундан ташқари, мулозимга кўра, аномал иссиқ шароитида қурилиш майдонлари ёки далаларда ишловчилар иш берувчи томонидан мавсумга мос бўлган ҳимоя воситалари ҳамда бепул минерал суви билан таъминлаши керак.
Мутахассиснинг айтишича, баланд ҳарорат сабаб иш вақти ўзгарган ёки қисқарган тақдирда ходимнинг ўртача иш ҳақи сақлаб қолинади.