Ўзбекистон Гидрометеорология хизмати маркази янги иш ҳафтаси бошидан мамлакат бўйлаб ҳаво ҳарорати кескин совиши хусусида огоҳлантириш билан чиқди. Бунга 16 ноябрь куни Ўзбекистоннинг шимолий ҳудудларига, 17-18 ноябрь кунлари эса барча ҳудудларига “Волгабўйи орқали Россиянинг Европа ҳудуди устида шаклланган нам ва совуқ ҳаво массаси кириб келиши” сабаб бўлади.
“16-17 ноябрда республика бўйича шамол тезлиги 17-22 м/с гача кучайиши кутилмоқда, баъзида 25-28 м/с гача кучайиши мумкин, баъзи жойларда чангли бўрон бўлади”, дейилган Ўзгидромет хабарномасида. 4 ноябрь куни Ўзбекистоннинг қатор вилоятларида шиддатли чанг бўрони кузатилган, ўша оқшом пойтахтда соат 21:00 ва 23:00 орасида чанг миқдори меъёрдан 30 баробаргача ошгани хабар қилинган эди.
Ўзгидромет қайдича, 16 ноябрь куни Қорақалпоғистонда, Хоразм вилоятида, 17 ноябрь куни Ўзбекистоннинг қолган ҳудудларида ёғингарчилик (қорга айланадиган ёмғир) кузатилади, 17-18 ноябрь кунлари тоғолди ва тоғли ҳудудларда ёғингарчилик кучли бўлиши кутилмоқда.
Бунинг ортидан мамлакат бўйлаб ҳарорат кескин пасаяди. Хусусан, 16-17 ноябрь кунлари шимолда, 17-18 ноябрь кунлари эса Ўзбекистоннинг қолган ҳудудларида ҳарорат кечалари –5 –8 даража совуқгача, кундуз кунлари 0 +3 даража илиқгача, шимолда кечалари –12 –15 даража совуқгача, кундузлар эса 0 –3 даража совуқгача пасайиши тахмин қилиняпти.