Ўзгидромет: Ҳаво ҳарорати -17 даражагача пасайиши мумкин

Янги йилнинг биринчи иш ҳафтаси давомида Ўзбекистонда ҳаво ҳарорати аномал даражада совиши кутилмоқда. Бунга Сибир ҳудудлари устида жойлашган совуқ антициклон сабаб бўлади.

“Ўзгидромет” маълумотига кўра, жорий ҳафтада кечалари совуқ -5 -10 даражагача, шимолда ва чўл ҳудудларида 12-17 даражагача пасаяди. Кундузлари эса ҳарорат 0 -5 даражадан баланд бўлмайди. Ҳафта давомида эса ҳаво ҳарорати ўртача йиллик кўрсаткичлардан 8 -10 даража паст бўлади.

Ўзбекистонлик синоптиклар ҳафта якунига қадар баъзи жойларда туман тушиши, тоғли ҳудудларда эса қор кўчиши хавфи борлигидан огоҳлантирганлар.

Ҳаво ҳароратининг кескин совиб кетиши, аввал кузатилганидек, газ қувурларида босим пасайиб кетишига ва электр таъминотида узилишларга олиб келиши, бу эса, ўз навбатида, корхоналар ва аҳоли учун муаммолар туғдириши мумкин.