Ўзбекистонда ўзини ўзи банд қилган шахслар сони 2024 йилнинг 1 июль ҳолатига 3,5 миллион нафардан ошган. Давлат солиқ қўмитаси матбуот хизмати қайдича, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 115,6 фоизга (1,9 миллион нафарга) кўпдир.
Солиқ қўмитаси ўтган йилга нисбатан ўсиш кўрсаткичи энг юқори соҳалар қаторида ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш (199,3 фоиз ёки 220,4 мингта), маиший хизматлар (186,2 фоиз ёки 952,5 мингта) ҳамда ахборот-коммуникация (154,7 фоиз ёки 56,1 мингта) каби соҳаларни санаган.
Ўзини ўзи банд қилган шахслар ичида эркаклар улуши 57 фоизга, аёллар улуши эса 43 фоизга тенг.
Ҳудудлар кесимида ўзини ўзи банд қилганлар энг кўп Самарқанд вилоятида (қарийд 430 минг киши), Қашқадарё вилоятида (362,5 минг киши), Андижон вилоятида (327,7 минг киши) ва Тошкентда (320 минг киши) яшайди.
IT соҳасида ўзини ўзи банд қилган шахслар сони 2,5 баравар (92,3 минг киши) ошган. Солиқ қўмитаси бу кишиларнинг қайси мамлакат фуқароси эканига аниқлик киритган эмас. Шу сабабдан қайд этилган ITчиларнинг ҳаммаси ўзбекистонликми ёки улар орасида Ўзбекистонда фаолият юритаётган Россия ва Беларусь фуқаролари ҳам борми – маълум эмас.
Қўмита маълумотига кўра, жорий йилнинг биринчи ярмида енгил автотранспортда йўловчи ташиш фаолияти бўйича рўйхатдан ўтган фуқаролар сони 530 минг 16 нафарга етган. “Шундан 238 631 нафари жорий йилда рўйхатдан ўтган”, дейилган Солиқ қўмитаси хабарномасида.