Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сирдарё вилояти Боёвут тумани ҳокими Дилфуза Уралованинг пахта терими режасини бажармаган фермерларни ҳақорат қилгани ҳақидаги хабарга муносабат билдирди.
“Сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда ҳудудларда айрим мансабдор шахслар томонидан тадбиркорлар, хусусан, фермерларнинг фаолиятига аралашуви, уларга зўравонлик ишлатилиши ва мол-мулкларини тасарруф қилишга тўсқинлик қилиш ҳолатлари учрамоқда”, дейилган баёнотда.
Таъкидланишича, либерал-демократик партия бу каби ҳолатларнинг такрорланаётганидан хавотирда.
“Инсон шаъни ва қадр-қиммати дахлсизлиги, ҳеч нарса уларни камситиш учун асос бўлиши мумкин эмаслиги”ни урғулаган ЎзЛиДеП Бош прокуратурани ҳудудларда фермерлар фаолиятига ноқонуний аралашув, уларга зўравонлик қилиш, мол-мулкини эркин тасарруф этишга тўсқинлик қилиш ҳолатлари юзасидан қатъий назорат ўрнатишга чақирган.
Kun.uz нашри 1 ноябрь куни Боёвут тумани ҳокими Дилфуза Ураловага тегишли экани айтилган аудиоёзувни эълон қилган.
Аудиоёзувдан англашилишича, йиғилиш жараёнида Уралова тумандаги “Абдумандат ота фарзандлари” фермер хўжалиги раисини “падарингга лаънат, эшак” дея ҳақорат қилган. Бунга жавобан фермер ҳокимдан ҳурматини сақлашни сўраган. Уралова эса ҳақоратга ҳам қониқмай ИИБга фермерни қамашни буюрган.
Сирдарё вилояти ҳокимлиги Дилфуза Ураловага нисбатан тегишли тартибда интизомий жазо чораларини кўриш учун вилоят раҳбарига тақдимнома киритилганини маълум қилган.