Жорий йилнинг 26 январь тонгидан Тошкент-Бухоро йўналиши бўйлаб қатнайдиган Afrosiyob поездлари ҳаракати тикланган.
“Ўзтемирйўлйўловчи” ширкати маълумотига кўра, ҳозирда Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Қарши темир йўл вокзалларида электр таъминоти қайта тикланган бўлиб, шу боис Бухородан Тошкентга ҳаракатланадиган 765-сонли ҳамда Тошкент марказий темир йўл вокзалидан ҳар куни соат 07:00 да йўлга чиқадиган 764-сонли, соат 07:28 даги 762-сонли, соат 08:00 даги 760-сонли, соат 08:30 даги 770-сонли Afrosiyob поездлари ўз ҳаракат жадвали бўйича қатновини амалга оширишини билдирган.
Ширкат Afrosiyob поездлари қатнайдиган бошқа йўналишлар (Самарқанд, Қарши) бўйича қўшимча маълумот берган эмас.
Аввалроқ “Ўзбекистон темир йўллари” ширкати электр энергияси таъминотида юзага келган муаммо туфайли Қарши ва Бухоро шаҳарларидан Тошкентга юрадиган Afrosiyob ва бошқа электрификасияланган йўналишларда ҳаракатланаётган поездлар ҳаракати тўхтатилганини қайд этган эди.
Бу орада “Тошкент метрополитени” ширкати чоршанба куни соат тонгги 05.00 дан эътиборан мамлакат пойтахтида метро “белгиланган режа жадвали асосида йўловчиларни доимгидек ўз манзилига етказиш”ни бошлаши ҳақида маълум қилган.