“Ўзтрансгаз”: Газ қувуридаги зарур босимни тиклаш учун камида яна икки кун керак бўлади

Иллюстратив сурат

Ўзбекистонда газ қазиб чиқарувчи корхоналарнинг электр станцияларини зарур даражадаги газ ҳажми билан таъминлаши ва газ қувурлари тизими орқали зарур иш босимини тиклаш ишларини амалга ошириш учун камида икки кун вақт талаб этилади. Бу ҳақда 27 январга ўтар кечаси маълумот тарқатган “Ўзтрансгаз” ширкати айни пайтда жойларда компрессор станцияларини тўлиқ ишга тушириш бўйича ишлар давом этаётганини билдирди.

Ширкат изоҳига кўра, умумтизимда юзага келган носозликлар сабабли Ўзбекистондаги мавжуд газ қазиб олиш конлари ва уни қайта ишлаш заводларида технологик жараёнларнинг бузилиш ҳолатлари кузатиляпти, бу эса газ ишлаб чиқариш ҳажмининг камайишига олиб келяпти. Айни пайтда “Ўзтрансгаз” АЖ тизимидаги Компрессор станцияларининг агрегатлари фаолияти тўхтатилган.

“Ўзтрансгаз” вакиллари юзага келган фавқулодда ҳолатни тезкор равишда бартараф қилиш мақсадида фавқулодда гуруҳ ташкил қилиниб, авария-таъмир бригадалари сафарбар этилгани, энг аввало иссиқлик электр станцияларини имкон қадар тез ишга туширишда амалий ёрдам бериш ва газ транспорт тизимини фаолиятини тиклаш мазкур гуруҳнинг асосий вазифаси этиб белгиланганини қайд этганлар.

“Натижада 25-26 январь кунлари авария ҳолатида тўхтаб қолган 6 та компрессор станциясидан 5 таси тўлиқ бўлмаган ҳолатда ишга туширилди. Жорий йил 26 январь куни соат 18.00 да магистрал газ қувурлари тармоғига узатилаётган табиий газ миқдори соатига 4 839 минг куб метрни ташкил этди”, дейилган ширкат хабарномасида газ таъминотини нормал даражада тиклаш учун яна икки кун керак бўлишини урғулаган.

Аввалроқ Ўзбекистондаги манбалар Озодликка табиий газга уланган аксар ҳудудларда босим жуда пастлаб кетгани, кўп қаватли уйлар ҳануз нормал даражада исимагани, ичимлик суви таъминотида ҳам муаммолар юзага келаётгани ҳақида маълум қилишган.

Бу орада Энергетика вазирлиги Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида 27 январь куни ҳам энерготизимдаги йирик авария оқибатларини бартараф этиш ишлари давом эттирилишини билдирган.