Андижон вилоятининг барча туман-шаҳар халқ депутатлари кенгашлари жамоатчилик муҳокамасига қўйилмаган маҳаллий бюджетни ошиғич равишда, бир кунда тасдиқлади.
Ҳолатни ўрганган Daryo.uz нашри бу ҳол Бюджет кодекси талабларига мутлақо зид, дея хулосага келган.
Маълум бўлишича, туман-шаҳар кенгашлари қарорлари лойиҳалари Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига 2024 йилнинг 27 декабрь куни жойлаштирилган. Муҳокама муддати 2025 йилнинг 11 январигача этиб белгиланган бўлса-да, ҳужжатлар бир кун ичида келишилган тарзда ҳуқуқий экспертизадан ўтказилган.
Шу тариқа 27-28 декабрь кунлари вилоятдаги барча шаҳар ва туманларининг халқ депутатлари кенгашлари раислари ҳудудларнинг 2025 йилги маҳаллий бюджетини тасдиқлашга оид қарорларни имзолаган.
Бюджет кодексининг 99-моддаси ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг “Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятига “E-qaror” электрон тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган низомга асосан туман ва шаҳар ҳокимликлари 10 октябрдан кечиктирмай лойиҳаларни Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жамоатчилик муҳокамаси ўтказилиши учун жойлаштириши лозим.
Лойиҳалар жамоатчилик муҳокамаси якунлари бўйича келиб тушган таклифлар асосида қайта кўриб чиқилиб, 1 ноябрдан кечиктирмай тегишли кенгашларга киритилиши зарур.
“Афсуски, ҳудудлардаги адлия бўлимлари бошлиқлари жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилмаган қарор лойиҳаларини ҳуқуқий экспертизадан ўтказиб, мақсадга мувофиқлиги юзасидан хулоса беришган. Бундан ташқари, қарорлар кенгашлар раислари томонидан сессия ўтказилмасдан ва депутатлар томонидан тасдиқланмасдан қабул қилинган”, деб ёзди Daryo.uz.
Жамоатчилик маҳаллий ва республика даражасидаги депутатлардан бюджет назоратини кучайтиришни талаб қилиб келади.
Аввалроқ Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари қарийб 10 триллион сўмлик бюджет ўзгаришини саноқли дақиқада тасдиқлаб бергани ҳам эътирозларга сабаб бўлган эди.