ОАВ: Ўзбекистон АҚШдан 8,5 миллион долларлик дрон сотиб олади

Ўзбекистонлик ҳарбийлар ўтган ой мамлакатда Lochin (суратда) дронларини йиғиш бошланганини эълон қилган эдилар

АҚШнинг The Foreign Military Sales ҳарбий техника савдоси дастури доирасида Ўзбекистон Қўшма Штатлардан Puma 3 AE русумли 38 та кичик разведка дронини сотиб олади. Бу ҳақда Британиянинг Shephard Media нашри хабар қилди.

Нашр қайдича, дронлар Ўзбекистонга AeroVironment ширкати томонидан жорий йилнинг 30 ноябригача етказиб берилади. Shephard Defense Insight маълумотига кўра, мазкур байнинг умумий суммаси 8,54 миллион АҚШ долларини ташкил этади, битта дрон учун эса Ўзбекистон 225 минг доллардан тўлайди.

Мазкур дронлар қуруқлик ва денгиз узра разведка олиб бориш ҳамда 15 мегапикселли камералар воситасида олинган маълумотларни видеотасвир шаклида тўғридан-тўғри марказга узатиш имкониятига эга экани айтилмоқда.

Аввалроқ Мудофаа саноати давлат қўмитаси Ўзбекистонда Марказий Осиёда илк бор учувчисиз учиш аппаратларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилгани, Lochin дронлари “халқаро техник талаб ва стандартларга тўлиқ жавоб бериши” ҳақида маълумот тарқатган эди. Қўмита вакиллари хабарномасида мазкур дронлар разведка, зарба бериш, реал вақт режимида кузатиш, маълумот олиш, артиллерия ўт очиш жараёнини бошқариш каби вазифаларни бажара олиши ҳамда халқ хўжалигининг бошқа турли соҳаларида фойдаланилиши мумкинлигини иддао қилишган.