Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировнинг шахсий самолёти сентябрь бошидан бери уч маротаба Москвага учган. Сўнгги уч кундан бери унинг самолёти Москвада турган бўлиши эҳтимоли катта. Бу ҳақда “Вёрстка” нашри парвозларни кузатувчи иловалардан бирига таянган ҳолда хабар берди.
Хабарда айтилишича, RA-73417 самолёти Москвага 15 сентябрда учиб келган ва ортга қайтган эмас. Бу орада оммавий ахборот воситаларида Қодировнинг саломатлиги ёмонлашгани ва у Москвада президент иш бошқармасига қарашли Марказий клиникада даволанаётгани тўғрисидаги хабарлар пайдо бўлмоқда. “Вёрстка” мана шу хабарлар фонида Қодировнинг самолёти Москвага учиб келгани ва Грознийга қайтмаганига эътибор қаратган.
Ўтган ҳафтада қатор чечен мухолифат каналлари Рамзан Қодиров оғир дардга чалингани тўғрисида ёзган эди. Бироқ якшанба куни Қодировнинг телеграм каналида видео эълон қилинди. Унда Қодиров ёмғир остида сайр қилиб юргани акс этган. Озодлик радиоси рус хизмати бу фактга эътибор қаратар экан, якшанба куни Москвада ҳаво очиқ бўлгани ва Қодиров акс этган видео қачон олингани номаълум эканини маълум қилган.
46 ёшдаги Рамзан Қодиров касал экани ҳақидаги хабарлар йил бошидан бери матбуотда пайдо бўлмоқда. Қодировнинг ўзи бу хабарларни инкор қилган.
Рамзан Қодиров Россиянинг Украинага босқинини жиддий равишда қўллаётган сиёсатчилардан бири.